Вазирлар Маҳкамасида Таълим, соғлиқни сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари комплексининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Мактабгача таълим вазирилиги матбуот хизматининг хабар беришича, унда давлат таълим муассасалари ҳудудида шартнома асосида фаолият кўрсатиб келаётган нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолиятини тартибга солиш масаласи муҳокама этилган.
Йиғилишда Мактабгача таълим вазирлигининг давлат таълим муассасалари ҳудудида фойдаланилмай турган бўш майдонлар нодавлат мактабгача таълим муассасаларини ташкил қилиш учун тадбиркорлик субъектларига ижарага берилаётгани тўғрисидаги ахбороти тингланди.
Муҳокамалар асносида 2018 йилнинг 1 майидан бошлаб эҳтиёжи юқори бўлган давлат таълим муассасалари ҳудудида ижара шартномаси асосида фаолият кўрсатиб келаётган нодавлат мактабгача таълим муассасалари билан лицензия амал қилиш муддатини узайтириш учун янги ижара шартномасини тузиш қатъиян ман этилиши белгиланди.
Бугунга қадар давлат таълим муассасалари ҳудудида ижара шартномаси асосида фаолият кўрсатиб келаётган нодавлат мактабгача таълим муассасалари лицензиясининг амал қилиш муддати доирасида ижара шартномасига кўра, ўз фаолиятини давом эттириши мумкинлиги ҳамда лицензиянинг амал қилиш муддати тугашидан икки ой аввал давлат таълим муассаса раҳбари нодавлат мактабгача таълим муассасаси раҳбари номига билдирги юбориши лозим.
Лицензиянинг амал қилиш муддати тугагандан сўнг давлат таълим муассасалари ҳудудида фаолиятини давом эттираётган нодавлат мактабгача таълим муассасалари ёки бошқа тадбиркорлик субъектлари Ўзбекистон қонунчилигида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
Изоҳ (0)