Кеча, 18 апрель санасида ПФЛ талқинига кўра март ойининг энг яхши ўйинчиси, энг яхши дарвозабони, энг яхши мураббийи ҳамда ойнинг энг чиройли голлари номинациялари бўйича ғолиблар аниқланди. Ғолибларни тақдирлаш маросими Sport-TV телеканали орқали жонли эфирда намойиш этилди.
«Championat.asia» нашри эса ойнинг энг яхшилари билан интервью уюштирди.
«Навбаҳор» ярим ҳимоячиси Азизбек Турғунбоев ПФЛ талқинига кўра март ойининг энг яхши футболчиси ва энг чиройли голи муаллифи деб топилди. Турғунбоевнинг АГМК билан ўйинда жаримадан урган голи Суперлигада март ойининг энг чиройли голи сифатида эътироф этилди.
Бугун ажойиб тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бундан жуда хурсандман. Бу фаолиятимдаги биринчи ютуғим. Соврин фақат бир меники эмас, жамоадошларим ёрдамисиз ва қўллаб-қувватлаган мухлисларсиз бунга эриша олмасдим. Кейинчалик яна ўзимни кўрсатишга ва чиройли голлар уришга ҳаракат қиламан. Бу мавсум кубокда «Андижон»га ютқазиб қўйдик. Бор эътиборимиз чемпионатга қаратилган. Олдимизга катта мақсадлар қўйганмиз. Худо хоҳласа, чемпионликка курашадиган жамоа тузишга ҳаракат қиламиз.Сафардаги мағлубиятлар? Футболда ҳамма нарса бўлади. «Сўғдиёна»дан учралган мағлубиятдан сўнг жамоа руҳий тушкунликка тушиб қолди. Шу боис Андижонда ўйинимиз қовушмади. Мавсумни кучли учталикда якунлашга кучимиз етади.
Юлдузлик касали? Бундай нарсани ўзимга эп билмайман. Футболчи ўзини бироз эркин қўйса синиб қолиши мумкин. Шу боис бу нарсалардан узоқда бўламан.«Навбаҳор» билан бир йиллик шартномам бор. Агар Суперлиганинг бошқа кучли клублардан таклиф бўлса? Ўйлаб кўраман.
Азизбек Турғунбоев, «Навбаҳор» ярим ҳимоячиси
«Бунёдкор» устози Миржалол Қосимов ПФЛ талқинига кўра март ойининг энг яхши мураббийи деб топилди. «Қалдирғочлар» Қосимов бошчилигида дастлабки 4 та турда умуман мағлуб бўлмади. «Бунёдкор» ўз майдонида «Пахтакор» ва «Бухоро»ни мағлуб этди. Фарғонада «Нефтчи» таслим этилди. Яна бир учрашувда АГМК билан дуранг қайд этилди. «Бунёдкор» март ойида Суперлигада энг кўп 10 очко тўплашга муваффақ бўлди.
Берилган мукофот бир ўзимнинг ютуғим эмас. Жамоамиз, ёрдамчиларим ва шогирдларимнинг ютуғидир. Сабаби мухлисларга ёқадиган ўйинларни айнан шогирдларим кўрсатишмоқда. Бу соврин янада изланишга ундайди. Энг яхши бўлганим бизни тўхтатиб қўймайди. Ўзбекистон Кубогига қуръа ташлаш маросими илк бор Sport-TV орқали жонли эфирда намойиш этилди. Бу, албатта, шаффофликка қўйилган қадам. Кубокда бизга Жиззахнинг «Сўғдиёна» клуби рақиб бўлди. Биз ҳар бир ўйинда чиройли ўйин кўрсатиб финалга қадар етиб боришни мақсад қилиб қўйганмиз. Барчасини вақт кўрсатади.Миржалол Қосимов, «Бунёдкор» бош мураббийи
«Бунёдкор» дарвозабони Муроджон Зуҳуров ПФЛ талқинига кўра март ойининг энг яхши дарвозабони деб топилди. Зуҳуров март ойида иккита учрашувда майдонга тушиб, ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.
Эътибор учун раҳмат. Биринчи марта ўтказилаётган тақдирлаш маросимида биринчи бўлганимдан хурсандман. Биринчи навбатда бу жамоадошларимнинг кўмаги. Шундай давом этишни хоҳлайман. Кейинчалик ҳам шундай совринлар олишга уринамиз. Ҳар доим ҳужумчиларга эътибор катта бўларди, энди дарвозабонларга ҳам ўзларини кўрсатиш учун имконият яратишади. Ўтган ойда Ботирали Эргашев ва Элдорбек Суюнов каби дарвозабонлар менда яхши таассурот қолдирди.Муроджон Зуҳуров, «Бунёдкор» дарвозабони
Изоҳ (0)