Хоразм воҳасида азалдан сув ниҳоятда қадрланган. Негаки, ҳудудда экин экиладиган ерларга сув етказиб, деҳқончилик қилиш катта машаққат талаб этади. Хоразм вилояти ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш ҳудудий инспекцияси маълумотларига кўра, вилоятда сув ресурсларидан фойдаланишда экинларни суғориш учун 4 миллиард 600 миллион метр куб сув сарфланади, деб ёзади ЎзА.
Аммо, экин майдонларига сарфланган сувнинг 57 фоизигина етиб боради, холос. 43 фоиз сув айрим мутасадди раҳбарларнинг эътиборсизлиги, шунингдек, аҳолининг сувдан нотўғри мақсадларда фойдаланиши натижасида йўл-йўлакай исроф бўлади.
Бугунги кунда вилоятда сифатли ичимлик суви ишлаб чиқариш ва етказиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳудудда аҳолини ичимлик суви билан таъминлайдиган 165 та сув тарқатиш иншооти мавжуд бўлиб, улар 5 минг километр узунликдаги сув қувурларига уланган. Мазкур соҳада 900 дан ортиқ киши меҳнат қилмоқда. Ҳар йили аҳоли сув таъминоти учун 20 миллиард сўм маблағ сарфланади. Бироқ шунча меҳнат ва маблағ эвазига ишлаб чиқарилган тоза ичимлик сувининг 35-40 фоизи аҳолига етиб бормайди.
Шу ўринда қайд этиш керакки, айни пайтда вилоят аҳолисининг 52,1 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланган, 47,9 фоиз аҳоли ҳамон ичимлик суви тармоқларига уланмаган.
Изоҳ (0)