«Ўзбекэнерго» Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни кўпайтириш мақсадида «Сурхон—Пули-Хумри» электр узатиш линиясини қуришга киришди. Бу ҳақда акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Улуғбек Мустафоев маълум қилди, дея хабар беради Spot.
«Биз Ўзбекистонда қурилиш ишларига киришдик. Июнь ойидан Афғонистон ҳудудида ишларни бошлаймиз», — деди Мустафоев Афғонистон бўйича халқаро конференция матбуот марказидаги чиқишида.
Жамиятга кўра, 260 километр узунликдаги линия Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни 70 фоизга — йилига 6 миллиард киловатт-соатгача кўпайтириш имконини беради. Лойиҳани амалга ошириш муддати 2020 йил охиригача этиб белгиланган.
Дастлабки қиймати 150 миллион доллар бўлган лойиҳани молиялаштириш Афғонистон ҳукумати (120 миллион доллар) ва «Ўзбекэнерго» маблағи ҳисобидан амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ўзбекистон 15 йил ичида Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни 30 баробарга оширгани маълум қилинганди.
Изоҳ (0)