Ҳар йили Тожикистонда 11 март — Матбуотчилар касбий байрами сифатида нишонланади. Байрам арафасида Тожикистон Республикаси Ҳукуматининг расмий нашри — «Халқ овози» газетаси таҳририятига Тожикистон Республикаси Олий Мажлиси Намояндалар мажлисининг Халқаро алоқалар, жамоатчилик бирлашмалари ва ахборот масалаларига оид қўмитаси раиси Олим Салимзода ташриф буюриб, қаламкашларни матбуотчилар байрами билан самимий табриклади, деб ёзади ЎзА.
У қарийб 90 йилдан буён республика Ҳукуматининг ўзбек тилидаги расмий нашри сифатида чоп этиб келинаётган «Халқ овози» газетаси фаолияти ҳақида сўз юритиб, унинг бугунги мамлакат олий раҳбарияти сиёсатини тарғиб қилиш ва тожигу ўзбек халқлари ўртасидаги азалий дўстликни янада мустаҳкамлашдаги ролига юксак баҳо берди. Бунда эса, газета таҳрир ҳайъати, хусусан, унинг Бош муҳаррири Ёқубжон Абдуманонзоданинг ҳиссаси катта эканлигини алоҳида таъкидлади.
Ҳар йили бир марта алоҳида соҳа вакилига тақдим этиладиган Тожикистон Республикаси Олий Мажлиси Намояндалар мажлисининг Ифтихорномаси бу йил «Халқ овози» газетаси раҳбари Ёқубжон Абдуманонзодага насиб этди.
Изоҳ (0)