7 февраль куни пойтахтдаги Wyndham меҳмонхонасида Халқаро пресс клубнинг навбатдаги сессияси пресс қаҳва шаклида бўлиб ўтди. Сессияда туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ва оммавий ахборот воситалари ходимлари ўртасида очиқ ва самимий мулоқот бўлиб ўтди.
Туризмни ривожлантириш қўмитаси раисининг таъкидлашича, Ўзбекистон туризмидаги энг катта муаммолардан бири — сайёҳларга хизмат кўрсатувчи гидларнинг етишмаслиги.
«Сайёҳлар Ўзбекистондаги диққатга сазовор жойларга ўзи ташриф буюрса бошқача, гид билан ташриф буюрганда эса бутунлай бошқача бўлади. Гид тарихий қадамжолар, меъморий обидалар ҳақида жуда кўп нарсани сўзлаб бериши мумкин. У сайёҳни мана шу ҳудудда кўпроқ вақт ўтказишида муҳим ўрин тутади.
Ҳозирда гид тайёрлаш бўйича коллежларда янги тизим ишга туширилмоқда. Жумладан, мазкур йўналишдаги мутахассислар тайёрлаш квотаси оширилади. Гидлар тарихни яхши билиши керак, бундан ташқари улардан бир нечта хорижий тилларни чуқур билиш талаб этилади. Ёшларимизга яхши иш топиш ниятида бўлса, чет тилларини пухта ўрганиш лозимлигини етказишимиз керак», — дейди Азиз Абдуҳакимов.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистонда гидларни тайёрлашга ихтисослашган 6 та коллеж ва иккита олий таълим муассасаси мавжуд.
Қайд этилишича, туризмни ривожлантириш қўмитаси томонидан туризм коллежларига автобуслар харид қилинади. Талабалар 1-курсидан бошлаб амалиётда сайёҳлар билан ишлаш тартини ўрганади. Бундан ташқари, туризм йўналишида таҳсил олаётган талабалар туркомпанияларда амалиёт ўтайди.
Изоҳ (0)