Футбол бўйича Ўзбекистон U23 терма жамоаси ярим ҳимоячиси Одил Ҳамробеков Хитойда бўлиб ўтган Осиё чемпионатининг энг фойдали ўйинчиси деб топилди.
Мусобақа финал учрашувидан сўнг бўлиб ўтган тақдирлаш маросимида Ҳамробековга мусобақанинг энг фойдали ўйинчисига аталган соврин ҳамда мусобақа ҳомийларидан бири — Toyota томонидан тақдим этилган 20 минг доллар миқдоридаги мукофот пулининг сертификати топширилди.
Қаршининг «Насаф» футбол клуби вакили Одил Ҳамробеков Осиё чемпионати давомида шерикларига энг кўп пас оширган футболчига айланди. У финалгача бўлган жами беш ўйинда жамоадошларига 384 та аниқ пас берган.
Маълумот учун, 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси чемпион бўлди. Мусобақа финалида ўзбекистонлик футболчилар Вьетнам терма жамоасини қўшимча вақтда 2:1 ҳисобида мағлуб этди.
Изоҳ (0)