Ўзбекистон фуқаролари — жами 41 киши, шу жумладан, икки бола Қозоғистоннинг Шўртанди туманида бузуқ автобус ичидан эвакуация қилинди. Бу ҳақда, мамлакат фавқулодда вазиятлар қўмитасига асосланиб, «Газета.uz» хабар берди.
Авария-қутқарув ишлари 22 январь куни «Остона – Петропавловск» автойўлининг 54-километрида ўтказилди. Йўловчи автобус «Петропавловск – Сариоғоч» рейсини бажараётган эди. Кучли қор туфайли автобусда дизел ёқилғиси музлаб қолди.
Қутқариб олинган йўловчилар ҳамда Қозоғистон фуқаролари бўлмиш икки ҳайдовчи Бўзайғир овулидаги 5-сонли агротехник коллеж ётоқхонасига исиниш ва ёрдам кўрсатиш учун йўлланди.
Қўмита маълумотига кўра, кучли қор туфайли Қозоғистон автойўлларида юриш хавфли бўлиб қолган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ФВВ яқин кунларда Қозоғистонга боришни режалаштираётган ўзбекистонликлардан йўловчи автобуси ва шахсий машинадан фойдаланмасликни илтимос қилган эди.
Изоҳ (0)