1 январдан Ўзбекистондаги савдо нуқталарида онлайн-кассалар жорий қилиш бошланди, деб ёзади «Kommersant.uz». 30 мартгача Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларида 500 тадан 1000 тагача бўлган онлайн назорат-касса машина (НКМ)лари тажриба-синов тариқасида амалиётга жорий этилади.
2018 йилнинг 1 декабридан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барча юридик ва жисмоний шахслар товарларни реализация қилиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишда аҳоли билан нақд пулдаги ҳисоб-китобларни мажбурий тарзда фақат онлайн НКМни қўллаган ҳолда амалга оширади.
Биринчи босқичда онлайн-кассалар фақат харидорнинг нақд пуллари учун уриб берилган чеклар ҳисобини юритади. Ташкилотлар ва якка тадбиркорлар энди харидорга касса чекини қоғоз кўринишида чиқариб беришдан ташқари, уни электрон тарзда хабардор қилиши ва фискал маълумотлар оператори орқали солиқ хизматига юбориши шарт бўлади.
Айни пайтда онлайн-кассалар томонидан Uzcard карталарини қабул қилиш тизими ишлаб чиқилмоқда.
Чекда сотиб олинган маҳсулот рўйхати, унинг нархи, сони, чек ва касса қурилмаси рақами, иш сменаси рақами ва бошқалар кўрсатилади. Шунингдек, QR-код ёрдамида чекнинг қоғоз шаклини электрон шаклдаги код маълумотлари билан таққослаб кўриш мумкин бўлади.
Изоҳ (0)