Жума куни дўстим билан суҳбатлашганимда, у истиқомат қиладиган 122 хонадондан иборат уйда яшовчиларнинг коммунал хизматлар тўловларидан қарзи 13 891 857 сўм 30 тийинни ташкил қилишини айтди. Унинг уйи жойлашган туман камбағал туман эмас, уй ҳам бечораҳол эмас, унда яшовчилар ҳам ўзига тўқ кишилар.

Фото: Бахтиёр Насимов

Мамлакатда 2017 йилда 4000 дан зиёд хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари фаолият юритади (2008 йилда — 4460 ХУЖМШ), улар 32400 дан ортиқ кўп хонадонли уйларга хизмат кўрсатишади (2008 йилда — 25961 уй). Бу миллионга яқин хонадон дегани, яъни мамлакатнинг уч-тўрт миллион фуқаросининг ҳаёти ХУЖМШ билан бевосита боғлиқ.

Диққат, энди саволга ўтамиз: юқорида айтилган уй ва яна бошқа 18 та уйни бирлаштирган ХУЖМШ хонадон эгаларидан қарздорликни ундириши учун қандай воситаларга эга? Чунки ширкатлар томларни таъмирлаши, ертўлаларни қуритиши, уйлар атрофини тозалагани учун фаррошларга иш ҳақи тўлаши, сантехниклар, электриклар, газ хўжалиги ходимлари, лифтёрларга ҳақ тўлаши, кредит бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириши зарур.

Умуман олганда, ушбу тизим қандай ишлайди? Шундай саволлар билан ижтимоий тармоқ ўқувчиларига юзландим:

Римма С. уларни кескин танқид остига олди: «ХУЖМШдаги барча — раҳбаридан тортиб оддий ходимигача ўз ишини билмайдиган, нолойиқ одамлар».

Карен С. ҳам ундан қолишмайди: «Умримда бирорта ҳам инсофли ХУЖМШни кўрмадим, қачон борсанг битта гапни айтишади: «эртага келинг».

Балки Кареннинг бу борада омади келмагандир? Қаердадир яхши ишлайдиган ХУЖМШ ҳам бордир. Мен шундай деб ўйлайман. Ҳар ҳолда шунга ишонгим келади.

Касби бухгалтер бўлган Шоира Т. нинг фикр-мулоҳазалари анчагина асосли. У дугонасига ширкатнинг қоғозларини тартибга солишида ёрдам берган ва ХУЖМШда ишлайдиганлар билан мулоқот қилишига тўғри келган, ўз тажрибалари асосида қуйидаги таклиф ва мулоҳазаларини билдирган:

«Ширкат раислари – турли касб эгалари, уларнинг кўпчилиги уй-жой коммунал хўжалиги масалаларидан узоқ одамлар, шу туфайли улар аксарият ҳолларда муаммонинг моҳиятини тушунмайдилар.

ХУЖМШ раҳбарияти кредит олган ҳоллар ҳам тез-тез учрайди, бироқ кредит бўйича ҳисоботларда ҳеч қандай шаффофлик йўқ. Бу ҳам етмаганидек, кредитлар ширкат аъзолари – шу уйларда яшовчиларнинг розилигисиз олинади, яъни сохта йиғилиш баённомалари тузилади.

Олинган кредитлар ҳисобига бажарилган ишлар одатда сифатсиз қилинади, чунки ишни бажариш учун ҳамма ишни, ҳаттоки ўзи билмайдиган ишни ҳам қилишга тайёр, малакасиз мардикорлар ёлланади.

Ҳозир Чилонзорда бундай вазиятлар ҳар қадамда учрайди, чунки ҳар бир кварталда бир неча ХУЖМШ фаолият юритади ва ҳеч ким ҳеч нарсага жавоб бермайди.

Майда, тарқоқ ХУЖМШлардан воз кечиш керак ва уларнинг негизида йирик коммунал хўжаликлар тузиб, уларга уй қандай тузилган, коммуникация, электр ва иситиш тизими тўғри ишлаши учун нима қилиш кераклигини тушунадиган малакали муҳандисларни ишга олиш керак.

Шундоқ ҳам аранг турган ХУЖМШларни батамом хароб ҳолга келтирадиган, ичишга муккасидан кетганларни эмас, балки малакали слесар, сантехник, электрик, фаррошларни ишга олиш керак.

Анчагина асосли фикр, шундай эмасми?

Ижтимоий тармоқларда ҳам ХУЖМШ тўғрисида баҳс-мунозаралар тугамайди.

Ҳаттоки Facebook’да 10 мингдан зиёд одамни бирлаштирувчи «ХУЖМШ ва улар билан қандай яшаш мумкин? (Ўзбекистон)» деб номланган гуруҳ ҳам бор.

Сайтлар ҳам бу мавзуда бутунлай қарама-қарши фикрларни баён қилувчи мақолаларга тўла. Бунинг ҳайрон қоларли жойи йўқ. Бизнинг уйимиз – бу бизнинг қўрғонимиз. Қўрғон эса – томи тешик, ертўласи сувга тўла, лифти ишламайдиган, сув, электр таъминоти, иситиш тизимида муаммолар, уй олди ва атрофи бетартиб бўлса-чи? Бунинг устига қарорлар қабул қилишда шаффофлик умуман бўлмаса-чи?

«Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да миллионлаб фуқаролар учун ўта муҳим бўлган ижтимоий институтнинг шаффоф бўлмаслиги эса ажабланарли. Компьютер технологиялари асрида, телефон ёрдамида дунёнинг исталган нуқтасидан истаган нарсамизни харид қилиб ва сайёрамизнинг бошқа тарафида нималар бўлаётганини кўриб турган бир пайтда, ажабки, кўпинча ўзимиз яшаб турган уйда нималар бўлаётганини билмаймиз.

ХУЖМШда муаммолар талайгина, бироқ улардан энг кўп тилга олинаётгани – ширкатларнинг ўз аъзолари олдида ҳисобот бермаслиги ва шаффоф эмаслиги. Кўп ҳолларда одамлар ширкатнинг ҳисоб рақамида қанча пул бор, айнан нима учун ва қанча пул тўланаётганлигини билмайдилар. Ширкатнинг ҳар бир аъзоси учун шахсий кабинет бўлган дастурлар, ахборот тизимлари керак.

ХУЖМШ хизматлари истеъмолчиси, хонадон эгалари қуйидагиларни кўриб туриши керак:

— ўз ҳисоб рақамини: баланс, ойларга бўлинган ҳолда тўланиши керак бўлган сумма, тўловлар, пеня ва ҳ.к.

— бутун уй бўйича ахборот, уйнинг умумий қарздорлиги (ва албатта! тарбиявий чора сифатида уйдаги қарздорларнинг батафсил рўйхати), тариф режалари;

— ХУЖМШ бўйича ахборот: мулоқот учун телефон рақамлари, раҳбарият исми шарифи, сантехник, электрикларни чақириш учун телефон рақамлари, нима учун ва қанча пул тўлаётганимиз (ҳудудни тозалаш, мутахассислар хизмати, кредит, лифт ва ҳ.к.лар учун тўловлар);

— барча янгиликлар ва эълонлар: хавфсизлик чоралари, йиғилишлар, депутатлар, ҳокимият ходимлари билан учрашувлар, уй ҳайвонларини эмлаш, дарахтларни кесиш, асфальт ётқизиш ва ҳ.к;

— видеокамералар онлайн – режимда ишлаши зарур: болалар майдончасида, машиналар туриш жойида ва ҳ.к.ларда нималар бўлаётгани кўриниб туриши керак.

Бундай тизим мамлакатнинг барча 4000 ХУЖМШни бирлаштириши керак.

Бу фантастика эмас. XXI асрда яшаяпмиз ахир. Бу мен шу сайтда ёзган «Ақлли шаҳар» ягона ахборот тизимининг таркибий қисмларидан бири бўлади, холос.

«Ақлли шаҳар» — унинг аҳолиси учун хавфсиз ва қулай, меҳмонлар учун эса хушмуомала ва шинам шаҳар бўлиши лозим.

Бахтиёр Насимов

«Дарё» шарҳловчиси