Аёл кўп қон йўқотмоқда эди. Тез тиббий ёрдам хизматининг Damas автомобили шаҳар кўчалари бўйлаб автомобиллар оқимини ёриб ўтган ҳолда ТТЗ массивидан шаҳарнинг бошқа бурчаги, Чилонзорга, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига қараб борарди. ТТЗда, Республика нейрожарроҳлик илмий марказида унинг ярасини наридан-бери боғлаб қўйишган, шу сабабли бошининг чап томони ва энсасидан ҳамон қон оқарди. Damas нейрожарроҳликдан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига йўл олганди.

«Етказа олмайсан, — дейишди фельдшерга. — Узоқ. Травматологияга олиб бор». Аёл замбилда бош териси йиртилиб кетган, мияси чайқалган ва сон суяклари икки жойидан синган ҳолатда ётарди. «Етказаман, — дея қайсарлик билан жавоб қилди фельдшер. — Етказамиз».

Фельдшер аёлни бўш келмасликка чақирди, нашатир спирти берди, тирсагига нима биландир укол қилди.

Тошкент ҳайдовчилари милт-милт чироқлари ўчиб-ёниб, сирена чалаётган Damas’га йўл беришни хаёлларига ҳам келтирмасди. Улар чойхонага ошхўрликка шошарди, улар ўз оилалари бағрига шошарди ва қонга беланган аёл, фельдшер ва ожизлигидан қарғанаётган ҳайдовчи ўтирган Damas’ни бир ёқадан бош чиқариб сўкарди.

Аёл қон йўқотарди ва фельдшердан опасининг аҳволи ҳақида сўрарди. Ҳозир ўзларининг кеккайган каптива, эпика, лачети ва спаркларида ўтириб, қонга беланган аёлни олиб кетаётган қандайдир фақирона Damas’га йўл бермаган ана шундай ҳайдовчилардан бири бир соат аввал қизил чироқда тўхтамай йўлнинг қарама-қарши томонига ўтиб кетди. У йўлни кесиб ўтаётган аёлни ва унинг опасини уриб кетди.

Опаси уч соатдан сўнг, травматологияда вафот этди.

Бир ҳайдовчи бир аёлни ўлдириб, иккинчисини яралади.

Энди қолган ҳайдовчилар ярадор аёл йўлда вафот этиши учун қўлидан келганча ҳаракат қилаётгандек, гўё.

Аммо оғир мусибатлар уларнинг бошига тушмайдигандек туюляпти, холос.

Ўша тушунарсиз Damas’да эртага бегона одамларни эмас, бугун йўл бермаган ҳайдовчиларнинг қизи, онаси ёки синглисини олиб кетишлари мумкин.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг травматология марказида ўн бир кечани ўтказиб, у ерга уч миллион кишилик шаҳарнинг барча бурчакларидан жабрланганларни қандай олиб келишаётганини кўрганман.

Ҳам пиёдаларни. Ҳам ҳайдовчиларни. Шу вақт ичида бундайларнинг икки нафарини қутқариб қолиш иложи бўлмади.

Травматолог шифокорлардан бири менга айтиб беришича, Тошкент чорраҳаларида видеокузатув ишга туширилгач, илк уч ой давомида йўл-транспорт ҳодисаларида жабрланганлар сони сезиларли равишда камайган. Аммо кейин ҳайдовчилар чорраҳалардаги камераларнинг ҳаммаси ҳам қоидабузарликларни қайд этмаслигини билиб олди…

Фельдшер ва Damas ҳайдовчиси ўз ваъдасида турди. Улар аёлни касалхона қабулхонасигача етказа олди, у ерда марказнинг тажрибали шифокорлари бошдаги ярани қайтадан тикди, оёғига гипс қўйиб, маҳкамлади, МРT ва УТТдан ўтказди, осма укол қўйди, ҳаммасини тез ва тегишлича амалга оширди. Бу орада тез ёрдам машиналари беморларни яна ва яна келтиришда давом этди.

«Ҳайдовчилар ‘тез ёрдам’га йўл бериши кераклиги ҳақида ёзинг, — деб сўради аёл мендан палатага ётқизилгач. — Улар йўл бермади, фельдшерни ва Damas ҳайдовчисини сўкди. Ёзингки, улар йўл беришсин».

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва шахсан ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи, ўзим қатъиятли одам сифатида танийдиган полковник Холматжон Саидалиевга мурожаат қиламан.

Холматжон ака, сиздан мамлакат кўчаларидаги тез тиббий ёрдам машиналарига бўлган муносабатга алоҳида эътибор қаратишингизни сўрайман. Уларга йўл беришлари ва светофорларда ўтказиб юбориши учун қўлингиздан келганини қилинг, буни қила олишингизга эса ишончим комил.

Бутун дунёда ҳайдовчилар орқани кўриш ойнасида полиция автомобили, тез ёрдам машинаси ёки ўт ўчириш машинасининг милт-милт ёнаётган сигнал чироқларини пайқаши билан, шу заҳоти ўнг томонда бир қаторга тизилади ва ҳатто йўл четида тўхтайди. Ўзбекистон ҳайдовчиларини уларнинг бошига оғир мусибат ёғилмасидан олдин шундай хулққа ўргатиш керак.

«Ҳайдовчилар ‘тез ёрдам’га йўл бериши кераклиги ҳақида ёзинг», — деди менга ҳаётда ўттиз беш йилдан буён йўлдошлик қилаётган инсон.

Мен ёздим.

Бизга нима бўлган? Сенга нима бўлди ўзи, эй, автоўзбегим?

Хотима

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бош директори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими, тиббиёт фанлари доктори, профессор Абдуҳаким  Мўминович Ҳожибоевга; Шошилинч травматология бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари номзоди Равшан Неъматуллаевич Ҳакимовга; даволовчи шифокор Бекзод Каримовга, травматолог Файзулла Миржалиловга, ярани қайта тикиб, сўнг аёлни палатага келиб кўриб кетган нейрожарроҳга — барча навбатчи шифокорлар, ҳамширалар ва санитар аёлларга ҳар кунги ва ҳар тунги серғайрат меҳнатлари учун самимий миннатдорлик билдираман.

Бахтиёр Насимов

«Дарё» шарҳловчиси