Рио—2016 Олимпиадасидан кейин фаолиятини АҚШда — профессионал боксда давом эттиришни истаган Фазлиддин Ғоибназаров, океан ортига устози Аброр Турсунпўлатов билан йўл олганди.
Ўзбекистонлик спортчининг Америкадаги фаолияти муваффақиятли старт олиб, у проф рингдаги дастлабки 3 та жангининг барчасида рақибларини мағлуб эта олди. «Оламспорт» нашрининг маълум қилишича, энди боксчининг устози Аброр Турсунпўлатовга бўлган талаб ҳам анча ошган. WBO камари қаршисида турган россиялик собиқ жаҳон чемпиони Сергей Ковалёв Турсунпўлатовга бирга ишлаш таклифи билан чиққан.
Ҳа, Ковалёв таклиф билан чиқди. Мен унга агар барча айтганларимни бажаришга ваъда берса, ишлашга тайёр эканим ҳақида айтдим ва розилигини олдим.Энди куннинг биринчи ярмида Файзи билан, иккинчисида Ковалёв билан шуғулланмоқдаман. Шундай экан, ҳар икки боксчи билан ишлаш ноқулайлик туғдирмайди. Файзининг ўзи ҳам Ковалёв билан ишлашимни истади. Чунки россиялик боксчи чемпионлик жанги арафасида турибди. Бу мен учун ҳам катта тажриба бўлади.
Аброр Турсунпўлатов, бокс мураббийи
2013 йил жаҳон чемпионлигини қўлга киритган Сергей Ковалёв WBO камари йўлида украиналик Вячеслав Шабранский билан жанг қилади. Ковалёв 34 ёшда, рақиб эса 4 ёшга кичик. Улар 25 ноябрь куни Нью-Йоркдаги Madison Square Garden аренасига чиқиб келади.
WBO камари бунгача америкалик Андре Уордга тегишли бўлиб турганди. Бироқ у боксдаги фаолиятини якунлагач, камар эгасиз қолди. Энди Ковалёв 2013 йилги муваффақиятини такрорлашга уриниб кўради.
Изоҳ (0)