Президентимиз Шавкат Мирзиёев Хива шаҳридаги Нуриллабой сарой мажмуасини кўздан кечирди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Маълумотларига кўра, мазкур сарой ҳудуди шу ерда яшаб ўтган Нуриллабой исмли савдогарга тегишли бўлган. Мажмуа хорижлик меҳмонларни қабул қиладиган қароргоҳ вазифасини ўтаган.
Шавкат Мирзиёев январь ойида Хоразмга қилган ташрифи чоғида мутасаддиларига мазкур мажмуани замон талаблари даражасида реконструкция қилиш бўйича топшириқлар берган эди.
Президент тавсиясига кўра ишлаб чиқилган лойиҳага биноан бу ерда меҳмонхона, ресторан, қабуллар уйи, галерея, амфитеатр, ҳунармандлар кўргазмаси ташкил қилинган.
Шунингдек, кўргазмаларда Хоразмнинг XIX—ХХ асрлардаги тарихий фотосуратлари, биринчи ўзбек кинооператори ва фотосуратчиси Худойберган Девонов олган суратлар ва киноасарлар намойиш этилмоқда.
ЎзАнинг ёзишича, «Хоразм анъанавий ҳунармандчилиги: тарих ва замонавийлик», «Ўзбекистон завонавий санъати: оҳанглар, тимсоллар, талқинлар» мавзуидаги кўргазмалар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Шавкат Мирзиёев Хива меъморчилик обидалари, жумладан, мазкур мажмуанинг бой тарихи ҳақида сайёҳлар ва хорижлик меҳмонларга замонавий услубларга таянган ҳолда сўзлаб бериш, бу билан уларнинг Ўзбекистон ҳақидаги тасаввурларини янада бойитиш зарурлигини таъкидлади.
Изоҳ (0)