19 сентябрь куни Мексикада содир бўлган зилзила вақтида Фрида лақабли лабрадор зотли ит 52 кишини қутқарди. Мексика Ҳарбий-денгиз кучларида хизмат қилувчи кучук одамларни вайроналар остидан қидириб топган ва уларни чиқариб олган, деб хабар берди Meduza.
10 октябрь куни Мехикода Фриданинг бино деворига туширилган улкан тасвири пайдо бўлган. Ит ўзининг ҳарбий анжомларида — ҳимоя кўзойнаги ва жилетда тасвирланган.
«Бундай оғир вақтларда у — куч ва умид рамзи. Мен буни зилзиладан жуда катта жабр чеккан ва ўзим жуда яхши кўрадиган Рома Норте даҳасига олдинги ижобий кайфиятни қайтариш учун чиздим», — дейди мексикалик Uneg — граффити-рассоми билан бирга ит тасвирини яратган ижодкор Селеста Байерс.
Октябрь ойининг бошида Фридага Мексика ҳамда Тринидад ва Тобаго футбол бўйича терма жамоалари учрашувида миннатдорчилик билдирилган эди. Ҳарбийлар Фридани ва зилзила вақтида жабрланганларни қутқарган яна бир итни стадион майдонига олиб чиқишган.
Эслатиб ўтамиз, 19 сентябрь куни Мексикада 7,1 магнитудали зилзила содир бўлиши оқибатида камида 360 киши ҳалок бўлган эди.
Изоҳ (0)