Швециянинг Уппсал университети археологи Анника Ларссон ва унинг ҳамкасблари баъзи викинглар IX—Х асрларда ислом динини қабул қилгани ҳақидаги тахминни илгари сурди, деб ёзади «Mk.ru».
Уларнинг бундай фикрга келишига аввалроқ аниқланган ипак мато бўлаги сабабчи бўлди, унга Оллоҳнинг исми ва Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.)нинг куёви Али ибн Абу Толибнинг исми кашта қилиб тикилган. Олимлар фикрича, агар викинглар орасида мусулмонлар бўлган бўлса, бу ўша вақтларда Скандинавияда ипакнинг оммалашгани сабабини ҳам тушунтириб бера олади.
Ипак мато викинглар мозорларидан бирини тадқиқ қилиш чоғида топилган. Топилма қабр исломга сиғинган викингга тегишли эканлигини англатади, деб фикр билдирди олимлар. Археологлар таъкидлашича, Қуръонда жаннатга тушадиганларнинг барчаси ипак кийим кияди, дейилган.
Матонинг ўзи қадимда Форсия ёки Марказий Осиёдан келтирилган, деб тахмин этилмоқда.
Изоҳ (0)