Ўзбекистон Олий Лигасининг 23-турида Тошкентнинг «Пахтакор» клуби Наманганда «Навбаҳор» меҳмони бўлиб, 0:2 ҳисобида имкониятни бой берганди. «Трибуна» нашрининг маълумот беришича, учрашувдан кейинги матбуот анжуманида жанжал келиб чиққан.
Қайд этилишича, матбуот анжуманида фақатгина журналистлар иштирок этмаган. Унда футбол фанатлари ҳам қатнашиб, Шота Арвеладзени саволларга тутган. Жумладан, мухлислардан бири «Пахтакор» Наманган клубини авваллари ҳалол ютмагани борасидаги савол билан мурожаат қилган. Арвеладзе эса у вақтларда «Пахтакор» бош мураббийи бўлмагани билан жавоб қайтарган.
Кейинроқ бутунлай бошқа бир мухлис «Пахтакор»ни ноҳалол ўйинларда айблаган. Аввалги савол муаллифи эса, навбатдагисини қарсаклар билан олқишлаган. Натижада вазиятга «Пахтакор» матбуот котиби Беҳзод Назаров аралашиб, провакацион саволлар бермасликни талаб қилган.
Вазият «Навбаҳор» ҳам бир вақтлар «Пахтакор»га ноҳалол пенальтидан гол ургани масаласигача айланиб, охирида жиддий тортишувга айланиб кетган. Бунда ҳақоратли сўзлар, сўкинишлар бўлган. Шота Арвеладзе эса тинчгина матбуот анжуманини тарк этган.
Бу борада клублар расмий маълумот бериб улгурмади. ПФЛ ходими сифатида Намангандаги ўйинда Алексей Фролов ишлаган. Матбуот анжуманида футбол фанатлари нима қилиб юргани борасида аниқ маълумотлар йўқ. Бунгача «Пахтакор» иштирокидаги матбуот анжуманларига ҳам бир қатор футбол фанатларининг ташриф буюриши ҳолатлари кузатиларди.
Шота Арвеладзе бошқарувида «Пахтакор» бунгача 7 та ўйин ўтказган бўлиб, шуларнинг 5 тасида зафар қучган ва 2 тасида дуранг қайд этганди. «Навбаҳор» эса ўз майдонида мағлуб бўлмаётган мавсумнинг ягона жамоаси мақомини сақлаб қолди.
Изоҳ (0)