Бугун давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келган Қозоғистон Республикаси президенти Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Мустақиллик майдонига ташриф буюрди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Олий мартабали меҳмон Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди. Нурсултон Назарбоев Мустақиллик майдонининг меъморий ечими, чуқур мазмун-моҳиятига юқори баҳо берди.
Президентлар Тошкентдаги Шайх Хованди Тоҳур ва Тўлабий (Қалдирғочбий) мақбараларини зиёрат қилди.
Тўлабий (Қалдирғочбий) мақбараси Шайх Хованди Тоҳур мажмуасидаги кўҳна қабристоннинг шимолида жойлашган. Мақбара пишиқ ғиштдан, чортоқ тарҳли, қўш қават гумбазли қилиб қурилган. Манбааларда қайд этилишича, бу ерга Тўлабий Алибий ўғли дафн этилган. Мустақиллик йилларида ушбу мақбара қайта таъмирланиб, муқаддас қадамжолардан бирига айлантирилган. Ўтганлар ҳақига Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди.
Зиёрат якунида Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев оммавий ахборот воситалари вакиллари билан мулоқот қилиб, икки мамлакат ҳамкорлигида янги босқич бошланганини таъкидлади.
Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов кўп йиллар фаолият олиб борган Оқсарой қароргоҳига ташриф буюрди.
Нурсултон Назарбоев буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйиб, унинг ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Изоҳ (0)