Дубай полицияси қутқарувчилар келгунига қадар ёнаётган уйдан укаларини қутқарган 12 ёшли болани мукофотлади, деб хабар беради GulfNews.
Икки, тўрт, саккиз ва ўн икки ёшли болалар уйда катталар назоратисиз, ёлғиз қолган эди. Улардан энг кичиги ўт олдириш мосламасини ўйнай туриб, бехосдан уйдаги пардани ёқиб юборди.
Уйнинг ёниб кетаётганини кўрган катта ака укасини олиб кўчага чиқарди. Шундан сўнг уйга қайтиб, қолган икки укасига ҳам уйдан чиқишга ёрдам берди.
Кейинроқ у уй хизматчисига ёнғин ҳақида хабар берди ва улар биргаликда кастрюлдаги сув ёрдамида оловни ўчиришга ҳаракат қилди.
Уй устидан чиқаётган тутунни кўрган қўшнилар қутқарувчиларни чақирди. Ўт ўчирувчилар олов тарқалишининг олдини олди.
Полиция ёш қаҳрамонни қийин вазиятларда тўғри қарор қабул қила олишини юксак баҳолади ва уни мукофотлади.
Болаларнинг отаси қутқарув хизмати ходимларига миннатдорчилик билдириб, ўғлининг жасоратидан фахрланишини маълум қилди.
Изоҳ (0)