Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ—2018 саралашидаги сўнгги ўйинда Жанубий Корея билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади. Сурия терма жамоаси эса сафарда Эрон билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади.
Шундай қилиб, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ—2018 йўлланмаси учун курашдан чиқди. Эрон ва Жанубий Корея термалари ЖЧ—2018 га тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритди. Сурия термаси эса плей-офф босқичида мундиал учун курашни давом эттиради.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ—2018 чиптасини қўлга киритиши учун кореяликларни исталган ҳисобда таслим этса етарли эди. Бунинг учун форслар икки бор имкон яратиб берди. Биринчидан, Самвел Бабаян жамоаси Хитойдан мағлуб бўлганида Карлуш Кейруш жамоаси Жанубий Кореядан очко олиб берди, Ўзбекистон Кореяни таслим қила олмаган куни эса эронликлар Сурия билан дуранг ўйнаб берди.
Ўзбекистон миллий терма жамоасига бунга қадар Кореяни ютиб бергани ҳолда Қатар ва Хитой термалари ҳам ёрдам берганди. Бироқ Самвел Бабаян ҳеч бир имкониятдан фойдалана олмади ва ҳатто плей-офф йўлланмасини ҳам қўлга кирита олмади.
Шу тариқа ўз майдонларида ҳатто машғулот ўтказа олмайдиган, уй учрашувларини Малайзияда ўтказишга маҳкум бўлган, футболчилари кучли чемпионатларда тўп сурмайдиган Сурия Ўзбекистондан яхшироқ натижа қайд этди. Шу тариқа улар ЖЧ—2018 учун умидни сақлаб қолди. Терма жамоалар маркази ходимлари унга ҳайкал қўйишни режалаштирган Самвел Бабаян бошқарган жамоа эса Россия мундиалини ҳам қўлдан бой берди.
ЖЧ—2018. Саралаш «А» гуруҳи. 10-тур 5 сентябрь, сешанба
Изоҳ (0)