WannaCry товламачи вирусини тўхтатган хавфсизлик бўйича мутахассис бошқа вирусни яратганликда айбланиб ҳибсга олинди. Бу ҳақда Meduza хабар бермоқда.
2017 йил майида 22 ёшли британиялик дастурчи Маркус Хатчинс WannaCry вирусини тўхтатганидан сўнг шуҳрат қозонди. Бу вирус бутун дунё бўйлаб компьютерларни блоклаб қўяр, сўнг уни очиш учун пул талаб қилар эди. Ўн минглаб компьютерлар зарарланди.
Мутахассис вирус кодида қайд қилинмаган домен сўровини аниқлади. Маълум бўлишича, агар ушбу доменни рўйхатдан ўтказса, вирус тарқалиши тўхтар экан, негаки домен сўрови муваффақиятсиз якунланади.
Июль ойининг охирида Маркус Хатчинс Лас-Вегасда бўлиб, хавфсизлик бўйича конференцияда иштирок этди. У ерда унга катта эътибор қаратилди: британиялик дастурчи журналистлар билан учрашди, қимматбаҳо машиналарда юрди, пулемётдан ўқ узиб кўрди, хуллас, вақтини чоғ ўтказди.
2 август кечки соатларида Маркус Хатчинс Лас-Вегас аэропортида уйига қайтаётган чоғда ушланди. У Kronos вирусини яратишда айбланди.
Ушбу вирус интернет орқали харид қилишда банк карталари маълумотларини ўғирлашга ихтисослашган.
Иш бўйича иккинчи гумондор вирусдан фойдаланиш ва уни сотиш бўйича видеоинструкция яратишда айбланмоқда. Унинг исми ошкор этилмаяпти.
Изоҳ (0)