Энг зарур озиқ-овқат нархлари кўтарилиб кетаётгани фонида «Оила даврасида» газетаси мухбирлари бозор айланди.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда аҳолимиз кундалик турмуши учун 45 га яқин турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилади. Ойлигининг қарийб 40 фоизини айнан шуларга сарфлайди. Албатта, бу яхши кўрсаткич, юртдошларимиз турмуши фаровонлигидан далолат беради. Лекин...
Кейинги пайтларда бозорларимиз расталарида айрим озиқ-овқат — гўшт, ёғ, шакар, тухум, картошка, пиёз сингари ҳаётий зарур маҳсулотларнинг нархи сезиларли даражада ошди. Натижада ҳар ойда бозор-ўчарга мўлжаллаган маблағига ўрта ҳол оиланинг бозорхалтаси тўлмай қолмоқда. Айрим маҳсулотларни, ҳатто, рўйхатдан ўчиришга, бола-чақа ризқидан чегиришга тўғри келяпти. Табиийки, нарх-навонинг бу тарзда кўтарилиб кетганидан харидорлар норози.
Хўш, кундалик эҳтиёжимиздаги маҳсулотлар нега қимматлади? Бунинг асл сабаблари қаерда?
«Биринчи қўл»ни излаб...
Дастлаб юқорида санаб ўтган маҳсулотларимизнинг айни пайтдаги ўртача нархларига тўхталсак. Бугунги кунда бозорларимизда 1 килограмм гўшт 30-40 минг, картошка 4000-4500, пиёз 3000-3500, шакар 5600-6000, пахта ёғининг 1 литри 9000, кунгабоқар ёғи эса 11500, тухум 500-550 сўмни ташкил этмоқда. Бу нархлар жорий йил бошига солиштирганда бирмунча юқори. Тафовут баъзиларида ўн, айримларида эса йигирма фоизгача. Бу эса кишида хавотир уйғотадиган кўрсаткич.
Нарх-навонинг бу тарзда кўтарилишига нима сабаб бўлмоқда? Харидорларнинг айни шу ҳақли саволига жавоб излаб, пойтахтимиздаги бир нечта бозорларни айландик, тадбиркорлар билан суҳбатлашдик. Озиқ-овқат нархларининг ўсишига сабаб бўлаётган омилларни ўрганишга ҳаракат қилдик.
Дастлаб, ҳар куни истеъмол қилинадиган ўта муҳим маҳсулотлардан бири — ёғ ҳақида. Аксарият савдо дўконларида пахта ёғининг ўзи йўқ. Айрим ихтисослашган дўконларда эса бир литрини 10 минг сўмгача харид қилиш мумкин. Аммо деярли барча бозорларда, пана-пастқам жойларда пахта ёғининг литрини 8-9 минг сўмдан сотишмоқда. Фақат уларда нақд пулга. Бирортасида терминални ҳам, касса аппаратини ҳам кўрмайсиз. Бу «тадбиркорлар» ёғни кимлардандир олиб келиб, устига яхшигина қўйиб сотаётгани аниқ, фақат буни уларнинг ўзидан ҳам, бирорта бозор маъмуриятидан ҳам аниқлашнинг иложи бўлмади.
Биласиз, пахта ёғи ўзимизда ишлаб чиқарилади. Аниқланишича, бу маҳсулот завод ҳамда хусусий базалардан олиб келинади. Ҳеч қандай воситачисиз, «биринчи қўл»да. Пахта ёғини нақд пулга, пул ўтказиш йўли билан ёки пластик картага ҳам харид қилиш мумкин. Бироқ пул ўтказиш ёки пластик картага сотиб олиш нақдга қараганда камида 20 фоизгача қимматга тушар экан. Чунки пулни банкдан банкка ўтказганда муайян фоиз ушлаб қолинади. Бу ёқда солиқлар дегандек... Шу боис бўлса керак, нақд пулга — даҳмазаси кам ва нисбатан арзон.
Бу — муаммонинг бир тарафи. Аммо бошқа бир ўринли савол бор: нега ўзимиздаги пахта ёғи ишлаб чиқарувчи заводларнинг жойларда, ҳудудларда махсус дўконлари йўқ? Ахир, аҳолига ёғни шундай марказлашган дўконлар орқали «биринчи қўл»да етказиб берса бўлади-ку?! Натижада ёғ олибсотарлар қўлига чиқиб, нархлар сунъий ошиб кетмайди, аҳоли ҳам мақбул нархда харид қилади.
Энди четдан келтириладиган ўсимлик ёғи ҳақида. У ҳам ўзимизнинг заводу корхоналар томонидан валютада олиб келинади. Унинг нархи кўтарилишига асосий сабаб — хорижий валюта курсининг ошиб бораётгани билан изоҳланади. Негаки, ҳар гал сўмдаги қиймат ошса, тадбиркор растасини қайта шу маҳсулот билан тўлдириши учун ўзининг фойдасини ҳам харажатга сарфлашга мажбур.
Лекин аҳолининг зарур озиқ-овқат маҳсулоти нархи наҳотки валютанинг «қора бозор»даги курсига боғлиқ бўлса, деган савол туғилади. Айрим «учар»лар ёғни хориждан давлат белгилаган курсда олиб келиб, бу ерда харидорларга «қора бозор» ошганини пеш қилмаяптимикан деган, истиҳола ҳам йўқ эмас.
Айрим харидор ва сотувчиларнинг айтишича, нарх-навони тартибга солиш учун, энг аввало, четдан келтирилаётган ёки хорижий маҳсулотдан тайёрланаётган озиқ-овқат маҳсулотларини завод-фабрикаларда ва хусусий базаларда пул ўтказиш йўли билан ёки пластик картага сотишни жорий қилиш зарур. Бундан ташқари, банклардаги пул ўтказмаларига қўйиладиган устамани ҳам камайтириш керакка ўхшайди. Буларнинг бари охир-оқибатда нарх-навога таъсир этиши табиий.
Яна бир маҳсулот — картошка ва пиёз хусусида. Унинг нархи ҳам ҳавас қилса арзигули эмас. Бунинг сабаби мамлакатимизда ўтган йили пиёз кутилгандек кўп ҳосил бермади. Аммо асосийси бу эмас. Шу иш билан шуғулланиб юрган деҳқонларнинг айтишича, пиёз ёки картошка нархининг ошишида уларда айб йўқ. Боиси ушбу маҳсулотларни кўп миқдорда етиштирадиган деҳқон ҳеч қачон бозорда эрталабдан кечгача ўтирмайди: вақти йўқ. Деҳқон маҳсулотининг харидори — улгуржи олибсотарлар. Улар кўтарасига харид қилади-да, ҳатто, икки баробаргача устама қўйиб сотади.
Шу ўринда бир мисол. Бир гектар ердан 60-70 тоннагача (агар ҳосил мўл келса) пиёз ҳосили олиш мумкин экан. Экинни ерга экишга тайёрлашдан тортиб, то ҳосилни узиб, қопга жойлагунча ўртача 35 миллион сўм харажат кетади. Шундан кейин деҳқон пиёзни улгуржи нархда килосини 1,5 минг (камдан-кам ҳолларда 2 минг сўм) сўмдан пуллайди. Тамом. У ёғига қанча нарх қўйилиши савдогару олибсотарнинг виждон амрига ҳавола.
Шакар борасида ҳам аҳвол тушунарсиз. Юқорида айтганимиздек, 5600-6000, баъзи дўконларда ҳатто 6500 сўмдан ҳам эмин-эркин сотилмоқда. Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 31 мартдаги тегишли ҳужжатига асосан, бугунги кунда шакарнинг чакана нархи 5200 сўм этиб белгиланган. Унга кўра, шакарни ушбу нархдан юқори сотиш мумкин эмас. Хўш, нега ҳукумат ўрнатган тартибга амал қилинмаяпти? Сотувчилардан бунинг сабабини сўрасак, хорижий валютанинг курси ошганини пеш қилишди...
Очиғи, буни асосланган сабаб, деб қабул қилиш бироз мантиқсиз. Чунки нафақат савдо ярмаркаларида, балки аксарият савдо нуқталарида шакар белгиланган нархда сотилмоқда. Уни нисбатан қимматроққа пуллаётганлар эса ё давлат тартибини писанд қилмаяпти ёки текширишдан хавфсираётгани йўқ. Ёки бозор «катта»ларининг ўзлари бунга негадир очиқ йўл қўйиб бермоқда...
Жазирамада навбат кутиб
Бугунги кунда барча бозорларимизда «Элга хизмат» шохобчалари мунтазам фаолият юритади. Давлатимиз бу борада аҳолига қулайлик яратиб берган. Шукрки, бундай шохобчалардан исталган маҳсулотни аҳоли арзон нархларда харид қилиши мумкин. Масалан, бу ерда гўштнинг нархи 21 мингдан 25 минг сўмгача. Тўғри, бу гўшт серёғ, серсуяк ҳамда қадоқланган. Шундай бўлса-да, харидори талайгина. Аммо бу ерда ҳам бир қанча муаммо бор. Жумладан, «Фарҳод» деҳқон бозоридаги «Элга хизмат» расталарида гўштни пластик картада харид қилмоқчи бўлсангиз, у ҳар доим ҳам «ишламайди». Куннинг иккинчи ярмида, гўштнинг сараси сотиб бўлинганидан сўнг «ишга тушади».
Яна бир катта камчилик — бу гўшт ҳаммага етмайди. Куннинг биринчи ярмида тугаб қолади. Харидор эса бозорга арзонроқ, сифатли маҳсулот олиш учун тушади. Шундай пайтда гўшт расталарини айланганда улардаги нархнинг бир-биридан кескин фарқланишини кўрган мижоз саросимага тушиши аниқ.
Ёки яна бир тушунарсиз ҳолат: «Элга хизмат»нинг нархи 370 сўм бўлган тухумини харид қилиш учун жазирама иссиқда, узундан-узун навбатда туришга тўғри келади. Айримларнинг эса бунга сабри чидамайди. Натижада ўша 500 сўмлик қиммат тухумни афзал билади. Ана шундай харидорлардан бири бундай дейди:
— Бозор-ўчарни шу ердан қиламан. 60 тагача тухум беришади. Бу яхши. Лекин уззукун кутиб туролмайман. Ишга кетишим керак. Кечга келсам, тугаб қолиши мумкин. Шуни ўйлаб, э, шу 500 сўмга олганим бўлсин, деб юбораман охирида.
Ҳақиқатдан ҳам ўринли эътироз. Устига-устак, кузатувлар жараёнида бир нарса аён бўлди: айримларга ўша 60 та тухум ҳам камлик қилмоқда. Навбати етганда биров бировнинг ўрнига ушбу маҳсулотдан яна қўшимча олиб бермоқда… Бундайлар олган арзон тухумни шундоққина бозорнинг бошқа четига ўтиб, эл қатори 500 сўмдан пуллайди... Демак, харидорлар учун яратилаётган шундай қулайликлардан кимлардир фойдаланишга уринмоқда, арзон нархда етказилаётган маҳсулотлар тезда «тугаб қолиб», бозорнинг бошқа жойида анчагина қимматроққа сотилмоқда. Бозор маъмуриятидагилар эса афсуски буларни «кўрмаяпти».
Қоғозда 25 минг, амалда эса…
Озиқ-овқат маҳсулотлари орасида энг қиммат ва ҳаётий зарур маҳсулот — гўштга қайтамиз. Тошкентнинг машҳур «Қўйлиқ» деҳқон бозори. Нарх-наво бошқа бозорларга нисбатан арзонроқ. Эътибор берсак, ҳар бир гўшт растасига «Бир килограмм гўштнинг нархи 25 минг сўм» деган ёзув ёпиштирилган. Аммо аслида ҳамма сотувчида турлича: сўрасак, 30 минг сўмдан 40 минг сўмгача (сифати бир-биридан тубдан фарқ қилади) сотилмоқда.
«Нега бўлмаса, бу қоғозда 25 минг сўм кўрсатиб қўйгансиз?», деган саволимизга: «Буни биз эмас, бозор маъмурияти илиб кетган, уларнинг ўзидан сўранг», дея жавоб берди сотувчилар.
Шу пайт ёнимиздан гўшт кўтариб кетаётган аёлдан неча пулга харид қилганини сўрадик. 34 минг сўмга олганини айтган аёл озроқ арзи ҳол қилиб қолди. У гўшт сотувчидан бир килограмм олиб, 25 минг сўм санаб берибди. Шунда ҳалиги сотувчи тутақиб кетибди. «Ўзингиз нархини ёзиб қўйибсиз-ку», деса, «Аввал сўрамайсизми, буни мен ёзмаганман-ку», деб қолибди. Камига яна: «Агар сизга 25 минг сўмлик гўшт керак бўлса, бошқа жойдан олинг. Мен сизга лаҳм гўшт бердим. Бу пулга фақат суяк оласиз», деб жеркибди. Бечора аёл гўштни олишга олиб, қайтариб бергиси келмабди. Зўрға 34 минг сўмга тушириб олибди.
«Нархи 25 минг сўм бўлмаса, одамларни алдаб, кўзбўямачилик қилишнинг нима ҳожати бор?» — дея куюнади ҳалиги аёл.
Албатта, бу вазиятда истеъмолчи ҳақ. Негаки, бутун бозорни айланиб, 25 минг сўмлик гўштни топишнинг иложи бўлмади. Ҳайрон қолдик. Бозорларга нима учун бундай ёзувлар осиляпти? Халқни алдаш учунми ёки қоғоздаги арзон гўштни қидириб, сарсон-саргардон бўлиб юриши учун? Гўшт шу нархда сотилмас экан, бу ёзувлардан нима наф?
Ушбу ҳолат юзасидан бозор маъмуриятига мурожаат қилдик. Лекин улар гўшт фақат бир хил нархда, яъни 25-30 минг сўм атрофида сотилаётганини иддао қилишдан нарига ўтмади… Албатта, муаммони ўрганиш жараёнида одамлар бу ҳақда нима дейиши, уларнинг дардига қулоқ тутмасликнинг иложи йўқ. Шу боис уларнинг нуқтаи назари билан қизиқдик:
— Ҳозир кўпчилик, айниқса, гўштнинг нархи кескин ошиб кетганидан норози бўляпти, — дейди пойтахтлик Фозил Маҳкамов. — Лекин мутасаддилар қўлидан келганча халққа яхши бўлиши учун ҳаракат қилмоқда. Ҳамма бозорда «Элга хизмат» шохобчалари ишлаб турибди. Шахсан ўзим маҳсулотларни ҳар доим улардан сотиб оламан. Анча арзон. Назаримда, ҳадеб нолийвермасдан, шундай шохобчалардан харид қилса, олам гулистон. Шунчалик шароит яратиб берилгани учун шукр қилишимиз керак, аслида. Ортиқча ваҳима кўтаришнинг нима кераги бор?!
Харидор Каромат Доллиеванинг фикрича, аҳоли мақбул нархдаги маҳсулотларни сотиб олиши учун махсус ярмаркаларда савдо қилинадиган озиқ-овқат миқдорини янада кўпайтириш, сифатини ошириш керак. Чунки улардаги мавжуд маҳсулот эҳтиёжни қоплаш учун етарли эмас. Бу эса, одамларнинг ҳақли эътирозига, жиғибийрон бўлишига сабаб бўлмоқда. Маҳсулот ҳажми қанча кўпайса, шунча яхши. Шунда одамлар рози бўлади.
— Биз гўштни хориждан импорт қилмаган бир пайтда унинг нархи қимматлигини сира тушунмайман, — дейди Эшпўлат Мардонов. — Ички бозоримиз юз фоиз таъминланган. Тадбиркорларга қайтага хорижга экспорт қилишга рухсат берилган. Маҳсулот ўзимизда етарли экан, қандай қилиб қиммат бўлиши мумкин? Ишончим комилки, бу муаммоларни бемалол ҳал қилса бўлади. Бозорлардаги тайёрига айёр турган олибсотарлар кўпинча нархларни сунъий ошириб юбормоқда, назаримда.
Харидор ҳақ гапни айтди. Ўрганишимиз давомида биз ҳам бунга амин бўлдик.
Ем, хашак ва даллоллар…
Қассоблардан гўшт нархи юзасидан изоҳ сўраб мурожаат қилдик. Бир-иккитаси исмини ошкор қилмаслик шарти билан бу борада ўз билганларини гапирди.
Биринчи қассоб:
— Кўпчилик харидор гўштнинг нархи ошиб кетишида бизни айблайди. Лекин масаланинг шундай жиҳатлари борки, бундан улар бехабар. Ўзим уйда мол боқаман. Унинг қанчалик машаққатли эканини яхши биламан. Битта молни семиртириб, сўйиш учун боқсангиз, унга анча харажат қиласиз. Ҳозир ем-хашак ниҳоятда қиммат. Масалан, кепакнинг бир килоси 1000, комбикорм 1200, шрот 1900, шелуха 1500 сўм туради. Буларни қиммат бўлса ҳам, олиш мумкин. Лекин кунжара анқонинг уруғи. Бу маҳсулотни фақат уддалаган, таниш-билишларни олдинга сурганларгина топади. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг: битта молга бир ойда қанча озуқа, ем-хашак кетади? Ҳозир сўйилаётган молларнинг бир килограмм гўшти ўзимизга камида 28-30 минг сўм атрофида тушяпти. Унга бир-икки минг қўшиб сотмасак, бозорда ўтиришимизнинг асло ҳожати йўқ.
Иккинчи қассоб:
— Бозорда юздан ортиқ гўшт сотувчи бор десак, шундан нари борса йигирматаси давлатга бож тўлайди. Кунлик тушумини кассага беради. Қолгани на давлатга солиқ тўлайди, на кассага пул топширади. Чунки улар маҳалла фуқаролар йиғинидан гўёки «фермер» ёки «деҳқон» деган ҳужжат тўғрилаб олган. Текширув келиб қолса, шу қоғозни кўрсатиб, «ўз молимни сўйиб сотяпман», деган важ билан қутулиб қолади. Шунинг учун бундай сотувчиларнинг мушугини биров «пишт» демайди. Улар ҳақиқий деҳқон ва фермерлар учун ажратилган расталарда бемалол ноқонуний савдо қилишади. Бундай ноҳақликларга барҳам бериш керак.
Билдирилган ушбу мулоҳазалар нечоғли ҳақиқатга яқинлигини билиш мақсадида бозордаги гўшт расталарини яна айландик. Суриштирув давомида аниқлаганимиз шу бўлдики, ҳақиқатан ҳам деҳқон ва фермерлар учун ажратилган расталардаги сотувчилар «савдогар»лар экан. Маҳалладан аллақандай йўллар билан ҳақиқий деҳқон ва фермер, деб тўғрилаб олган бир парча ҳужжати эвазига бозорда бемалол савдо қилишмоқда. Савол туғилади: наҳотки бозор маъмурияти бундан бехабар бўлса?
Аслида молини сўйиб гўштга топширган одам ҳақиқий нархни бичади. Қассоб эса унга уч-тўрт сўм нонини қўяди. Кейин бу гўшт бозор расталарида ўтирган «деҳқон», «фермер» орқали сотилади. Қарабсизки, гўшт учинчи қўлга етиб келиб, яхшигина қимматлайди. Агар вазият шу тарзда давом этаверса, қандай қилиб нарх-навони тушириб бўлади? Хуллас, савол кўп, жавоби эса…
Мой қайғусидаги қассоблар
Келинг, қассоб айтган гапларни таҳлил қилсак. Бугун бир бош қорамолни олиб, то уни қассобнинг дўконига етказиб бергунча қанча харажат кетади?
Ҳозир бўрдоқига ярайдиган энг арзон мол 2,5 миллион сўм туради. Уни камида тўрт ойча боқиш керак. Молни тез семиртиришни истаса, айниқса, совуқ кунларда хўрагини иложи борича пишириб, қайнатиб бериш керак. Бу эса қўшимча газ, ўтин харажати дегани. Тўрт ой давомида бир бош қорамол 700-800 минг сўмлик ем-хашак ейди. Умумий харажат 3,3-3,5 миллион сўмга айланади. Бундай молдан 180 килограмм атрофида гўшт олиш мумкин. Қассоб уни 26-28 минг сўмдан сўйиб олади. Шунда мол эгаси ёки фермер молни тахминан 4,5 миллион сўм атрофида пуллайди. Кўриниб турибдики, 3-5 ойда қоладиган фойда 800 минг — 1 миллион сўм атрофида.
Шундай экан, фермер ёки қассобга босим ўтказилавергани билан масаланинг ечими топилмайди. Муаммони ечиш учун ўша мол ейдиган ем-озиқа нархларини туширишга, ем-озиқаларни «биринчи қўл»да сотадиган шохобчаларни кўпайтиришга асосий эътибор қаратилса, кўпроқ адолатдан бўлади, бизнингча.
Хулоса ўрнида
Мустақилликнинг дастлабки йилларидаги қийинчиликлар ҳали-ҳануз ёдимизда. У пайтда бозорлар ҳозиргидек тўкин-сочин бўлмаган. Ҳаётий зарур озиқ-овқат маҳсулотлари давлат дўконларида талон орқали навбатма-навбат берилганини кўпчилик яхши эслайди. Ҳатто, нон маҳсулоти ҳар бир оиланинг сонига қараб тақсимланарди. Ўтиш даврининг иқтисодий ислоҳотлари изчил юритилгач, ўша машаққатлар, ҳаётнинг оғир кунлари шукрки, ортда қолди.
Бугун бозорларимиз расталаридан ёки бошқа исталган савдо шохобчасидан хоҳлаган маҳсулотимизни бир зумда топишимиз мумкин. Меҳнат қилган одам оч қолмайди.
Айни пайтда эса озиқ-овқат нархларининг ошиши — юзага келган вазиятни ўрганар эканмиз, бир хулосага келдик: нарх-навонинг юқорилаганига инсон омили, бошқача айтганда, баъзиларнинг нафси ҳакалак отгани ҳам таъсир ўтказаётгани рост. Аммо Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан инсон манфаатларини кўзлаб олиб борилаётган ишлар асносида ана шу муаммолар ечимига, бозорларимизда, нарх-навода адолатнинг қарор топишига кўп вақт қолмади.
Юқорида фикрлари келтирилган юртдошларимиз — қассоблар, тадбиркорларнинг гаплари бари ўринли. Вужудга келган муаммолардан кўриниб турибдики, уларни тизимли равишда бартараф этиш керак. Энг муҳими, кўтарилган бу масалаларнинг моҳиятида сунъий тўсиқлар ҳам мужассам. Ўз навбатида, уларни бартараф этишда нафақат давлатимизнинг, халқимизнинг ҳар бир фуқаронинг ҳам иштироки зарур.
Чўп суқсангиз, гуллаб кетадиган саховатпеша заминда яшаймиз. Деҳқону фермерларимиз тўйимли, витаминларга бой сархил мева-чевалар, озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришнинг ҳадисини олган. Уларнинг мўл-кўл ҳосил етиштириши, иқтисодий ислоҳотларимизнинг кучайиши натижасида тез орада бозорларимизда нарх-наво жойига тушади. Вазият яхши томонга ўзгариб, нарх барқарорлашади. Пировардида халқимизнинг дастурхони арзон ва сифатли озиқ-овқат билан тўлиб бораверади.
Шаҳобиддин РAСУЛОВ,
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,
«Оила даврасида» мухбирлари
Изоҳ (0)