Яқинда иш бошлаганмисиз ёки 20 йиллик тажрибага эгамисиз, кўпроқ даромад қилишни истасангиз керак. 2017 йилда ойлик маошингиз ошишига кафолат бера олмаймиз, бироқ ҳар ойлик даромадингизни ошириш имконини берувчи бир нечта оддий усуллар билан бўлишамиз, деб ёзади Forum Daily.
Пуллик обуналарингизни текширинг
Телефонингиздаги созламаларни текшириб чиқинг, сиз учун зарурати йўқ иловалар учун ҳақ тўлаётган бўлишингиз мумкин. Шунингдек, телефон алоқаси учун ортиқча тўлов амалга оширмаётганлигингизни ҳам текширинг. Эҳтимол, фойдалироқ тарифларни таклиф қилувчи мобил операторини танлашингиз лозимдир. Электр энергияси истеъмолини назорат қилинг. Қуёшли мамлакатда яшовчилар учун қуёш батареялари электр энергияси учун харажатларни сезиларли даражада камайтириш имконини беради.
Деразаларни изоляция қилинг
Коммунал хизматлар тўлови учун даромадингизнинг катта қисми сарфланиши мумкин. Қанчалик ғалати туюлмасин, деразаларни изоляция қилиш пулларингизни тежашга ёрдам бериши мумкин. АҚШ Энергетика вазирлиги баёнотига кўра, осма пардалар дераза орқали иссиқлик чиқиб кетишини 25 фоизга камайтириши мумкин.
Ўз фикрларингизни пулланг
Facebook ва Twitter каби ижтимоий тармоқлардан фаол фойдалансангиз ўз фикрингизни билдириш орқали пул топишингиз мумкин. Сиз брендлар билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилиб, турли компаниялар реклама матнларини саҳифангизда жойлаш орқали пул ишлашингиз мумкин. Машҳур блогер Морган Тиммнинг ёзишича, ҳатто энди иш бошлаган блогерлар ҳам битта пост учун энг камида 100 доллар ҳақ олиши мумкин.
Иқтисод қилишни автоматлаштиринг
Ҳисобларни саводли бошқариш ўртача ойлик даромадингизни ошириши мумкин. Баъзи маблағларингизни жамғарма ҳисобга автоматик ўтказишга созланг ва вақт ўтиши билан бу пуллар қўшимча даромад келтира бошлайди. Шунингдек, қимматбаҳо қоғозлар ва кўчмас мулкка ҳам инвестиция киритиш мумкин.
Уйингизни офис деб эълон қилинг
Уйингиз бир қисмидан тижорат фаолияти учун фойдалансангиз, ижара, электр энергияси, сув, газ, интернет ва телефон ҳисоби бўйича харажатларнинг бир қисмини солиқлардан айириб ташлашингиз мумкин.
Блог ёки сайтингиз ёрдамида даромад қилинг
YouTube’да канал ёки сайтингиз бўлса, унга реклама жойлаштириш орқали исталган вақтда пул ишлашингиз мумкин. Сизнинг бу борадаги даромадингиз платформа ва реклама берувчи билан шартномангизга боғлиқ.
Хайрия харажатлари ҳақида эълон қилинг
Агар хайр-эҳсон билан шуғуллансангиз, солиқ имтиёзларига эга бўласиз.
Қарзларингизни тўланг
Northwestern Mutual’нинг 2017 йилги тадқиқоти натижаларига кўра, 47 фоиз америкаликларнинг ипотека кредитларидан ташқари 25 минг доллардан кам бўлмаган қарзлари бор. Уларнинг 45 фоизи маошини қарзни қайтариш учун сарфлайди. Юқори фоизли кредит карталари ёки истеъмол кредити бўйича қарзларингиз бўлса, уларни тезроқ қоплашга ҳаракат қилинг. Қарзларни қанча тез тўласангиз, фоиз учун шунча кам тўлайсиз.
Фарзанд тарбияси учун тўланадиган ҳақ
Ходимларнинг фарзандларини парвариш қилиши учун хизматлар таклиф қилувчи компанияда ишласангиз, бу ҳам даромадингизни ошириш учун хизмат қилиши мумкин. Масалан, Yahoo янги туғилган чақалоққа биринчи навбатда зарур буюмлар учун ходимларига 500 доллар ҳақ тўлайди.
Байрам кунлари ишланг
Ким кўп ишласа, у шубҳасиз кўпроқ даромад қилади. Бунинг учун ишда кўп соат сарфлаш шарт эмас, тўғри сменаларни танлаш етарли. Агар иш берувчингиз байрам кунлари икки баробар ҳақ тўласа, дам олиш кунлари ишлаш ҳақида ўйлаб кўринг.
Квартира ижарага беринг
Агар яшаш қиммат бўлган шаҳарда истиқомат қилиб, тез-тез саёҳат қилиб турсангиз, уй ёки квартирангиз бир қисмини ижарага бериш ҳақида ўйлаб кўринг. Бунинг учун Airbnb сайтидан фойдаланишингиз мумкин.
Яратинг ва сотинг
Нозик дид соҳиби бўлсангиз, Etsy ёки Ebay орқали маҳсулотлар сотишингиз мумкин. Бу ўз қўлларингиз билан яратган янги буюмлар ёки реставрация қилинган эски буюмлар ҳам бўлиши мумкин. Бундан ташқари, ўзингизга кераксиз буюмларни ҳам сотувга қўйишингиз мумкин. Шу тариқа, уйингизни кераксиз нарсалардан тозалаш билан бирга бироз пул ҳам ишлаб олишингиз мумкин.
Иш бўйича харажатларни аниқлаб олинг
Қайтаришнинг иложи бўлмаган бизнес харажатларингиз бўлса, улар солиқлар билан қопланиши мумкин. Йўл қўйиладиган харажатлар таълим олишни давом эттириш учун тўловни ўз ичига олиши мумкин. Агар иқтисод қилишнинг бу усулидан фойдаланмоқчи бўлсангиз, квитансияларни албатта асраб қўйинг.
Спорт билан уйда шуғулланинг
Яхши жисмоний ҳолат ҳаёт сифатини ошириш учун муҳим аҳамиятга эга. Шунга қарамасдан, спортзалга аъзолик қимматга тушиши мумкин. Спорт билан уйда шуғулланиш орқали ойлик ўртача даромадингизни оширишингиз мумкин. Боғларда югуриб, дам олиш кунлари велосипедда сайр қилинг. YouTube роликларидан фойдаланиб, фитнес билан шуғулланинг.
Уйда ишланг
Ҳар куни ишга етиб бориш ҳам маълум бир маблағ сарфлашни талаб қилади. Citigroup тадқиқоти америкаликларнинг транспорт харажатлари йилига ўртача 2600 долларни ташкил этишини кўрсатди. Бошлиғингиздан ҳафта давомида ёки ҳафтанинг бир неча кунини уйдан туриб ишлашга рухсат сўранг. Skype, Slack каби дастурлар узоқдан туриб ишлаш жараёнини анча енгиллаштиради. Қолаверса, уй режими офисникига қараганда маҳсулдорроқ бўлиши мумкин.