Италия муҳожирларни элтаётган хорижий кемаларга Ўртаер денгизидаги портларига киришни тақиқлаш билан таҳдид қилди. Бу ҳақда «Газета.ru» хабар бермоқда.
Италиянинг Евроиттифоқдаги вакили Маурицио Массарига кўра, мамлакатдаги вазият шунчалик жиддийки, тузилмага аъзо бошқа давлатлар ёрдами талаб этилади.
«Ўртаер денгизида қидирув-қутқарув операциялари билан шуғулланаётган барча кемалар Италия портларига кириши мумкинлигига йўл қўйиб бўлмайди. Биз Италия байроғи остида сузмаётган ёки Евроиттифоқ миссияси таркибига кирмайдиган кемаларга киришни тақиқлашимиз мумкин», — деди Маурицио Массари.
Йил бошидан бери Италияга салкам 73 минг муҳожир келди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14 фоизга кўп. Ўртаер денгизида қутқарилган яна 10 минг муҳожир ҳам мамлакатга йўл олган.
Италия ўз таҳдидларини амалга оширгудек бўлса, бу Ўртаер денгизида қутқарув операцияларини амалга ошираётган нодавлат ташкилотлари ва мамлакатга мансуб бўлмаган савдо кемалари фаолиятига таъсир кўрсатиши мумкинлиги билдирилмоқда.
Изоҳ (0)