Фарғонанинг «Нефтчи» футбол клуби раиси Рустам Абдуллаев ҳамда клуб катта мураббийи Мурод Исмоилов ўз аризасига кўра ишдан бўшади. Бу ҳақда «Нефтчи» матбуот хизмати хабар берди.
Икки мутахассиснинг ўз аризасига кўра бўшаши Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг клуб қароргоҳида йиғилиш ўтказган кунга тўғри келди. Йиғилиш «Нефтчи» Тошкентда «Локомотив»дан 0:4 ҳисобида енгилганидан сўнг бўлиб ўтди.
Матбуот хизматининг тан олиб айтишича, «Нефтчи» 2017 йилги мавсумни кўнгилдагидек ўтказа олмаяпти. Биринчи давра якунига 3 та тур қолганида фарғоналиклар турнир жадвалида 15-ўринни эгаллаб турибди.
«Нефтчи»да катта ўзгаришлар кузатилиши катта эҳтимол. Бу жараён биринчи давра якунида бошланади. Раҳбарият клуб олдига юқори кўрсаткичларни қайд этиш вазифасини қўйиб, унга раис этиб Тоҳир Кападзени тайинлади. Юқори кўрсаткич дейилганда айнан нималар назарда тутилганига ойдинлик киритилмаган.
Маълумот учун, Тоҳир Кападзе бунга қадар Фарғона вилояти футбол федерацияси вице-президенти сифатида фаолият кўрсатиб келаётганди. «Нефтчи» натижаларига жавобгар кишилардан яна бири — бош мураббий Андрей Фёдоров вақтинчалик жамоада сақлаб қолинди. Янги мураббий топилса, Фёдоров ўз ўрнини бўшатиб беради.
«Нефтчи» Ўзбекистон кубогининг чорак финалига йўл олиш учун 31 май куни «Навбаҳор» довонидан ўтиб олиши керак. Томонларнин Фарғонада кечган биринчи ўйинида фарғоналик футболчилар 1:0 ҳисобида зафар қучганди.
Изоҳ (0)