Озарбайжон пойтахти Боку мезбонлик қилган «Ислом бирдамлик ўйинлари»да ўзбекистонлик спортчилар ўз иштирокига якун ясади, деб хабар берди МОҚ матбуот хизмати.
Аҳолисининг катта қисмини ислом динига эътиқод қилувчи кишилар ташкил қилувчи мамлакатлар ўртасидаги Олимпиадада ўзбекистонлик спортчилар жами 63 та медални қўлга киритишга муваффақ бўлди. Ҳисоб бўйича тўртинчи бор ўтказилаётган мусобақада Ўзбекистон илк бор иштирок этганди.
Медальларнинг 15 таси олтин бўлиб, бунда кумушлар сони 17 тани, бронзалар эса 31 тани ташкил қилди. Натижада Ўзбекистон делегацияси 54 мамлакат спортчилари иштирок этган фестивални 4-ўринда якунлади.
Кучли учлик Озарбайжон, Туркия ва Эронга тегишли бўлди. Марказий Осиё мамлакатлари орасида ўзбекистонлик спортчилар энг яхши кўрсаткични қайд этди.
Изоҳ (0)