Россиянинг Владивосток шаҳрида 16 апрель, якшанба куни дўстининг машинасини маст ҳолда бошқарган ўсмир 11 автомобилни шикастлади. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
«Воқеа жойига етиб келган йўл ҳаракати хавфсизлиги (ЙҲХ) ходимлари Toyota Crown автомобилини бошқарган 16 ёшли ҳайдовчи уйлар орасидаги тор йўлакда бошқарувни йўқотиб, йўл бўйида турган машиналар билан 8 та йўл-транспорт ҳодисасини содир этганини аниқлади. Натижада 11 автоулов шикастланган, жароҳатланганлар йўқ», – дейилади хабарда.
Олиб борилган экспертиза ўсмир алкоголь таъсири остида эканини аниқлади. 16 ёшли йигит бошқарган автомобиль унинг 1991 йилда туғилган дўстига тегишли эди.
«Полициянинг текширув материаллари вояга етмаганлар иши билан шуғулланадиган комиссияга юборилади ва у ерда тартиббузар ва унинг ота-онасига қўлланадиган жазо бўйича қарор чиқарилади. Ўсмирнинг ота-онаси, шунингдек, шикастланган машина эгаларига моддий зарарни қоплаб бериши керак бўлади», – дея аниқлик киритди Приморск ўлкаси бўйича ИИВ бошқармаси.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)