23 март куни ЖЧ—2018 учун курашни давом эттираётган Осиё мамлакатлари сўнгги саралаш босқичининг иккинчи даврасини бошлаб беради.
Аввалроқ Жанубий Корея терма жамоаси бош мураббийи Ули Штилике Европадаги таътилдан қайтиши ҳамоноқ кореялик журналистларга интервью бериб ўтганди. «Uff.uz» нашри бу сафар ўз эътиборини Қатар матбуотига қаратди.
Унга кўра, қатарликлар аллақачон ЖЧ—2018 саралаш ўйинлари ҳақида ўйлашни бошлаб юборган. 23 март куни Ўзбекистон терма жамоаси Сурияга қарши саф тортса, Қатар ўз майдонида Эронни қабул қилади. Кўринишидан Хорхе Фоссати бошчилик қилаётган қатарликлар форсларга қарши ўйинда қарши ҳужум тактикасида ҳаракат қилади.
Орадан беш кун ўтиб Қатар терма жамоаси Тошкентда Ўзбекистонга қарши баҳс олиб боради. Кетма-кет бўлиб ўтадиган мана шу беллашувлар Қатарнинг келгуси тақдирига ойдинлик киритиб бериши мумкин. Маҳаллий матбуот гуруҳда 2-ўринни эгаллаш учун имкониятлар етарли эканига бот-бот урғу бериб, Эрон ва Ўзбекистон терма жамоалари мағлуб этилиши кераклигини таъкидламоқда.
Қайд этилишича, мана шу икки ўйин учун катта мукофот пули ваъда қилинган. Футболчиларни рағбатлантириш учун бериладиган бу пулнинг миқдорига ойдинлик киритилмаган.
Маълумот учун, Қатар 2022 йилги Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади ва унда иштирок этади. Мамлакат футбол федерацияси эса Россия мундиалига ҳам боришни асосий мақсад сифатида белгилаб олган.
Изоҳ (0)