ОАВ Samsung Electronics’нинг таъмирланган Galaxy Note 7 смартфонларини ривожланаётган бозорларда сотиш режаларидан хабар топди, деб ёзади 3DNews. Қайтариб олинган қурилмаларнинг аккумуляторлари алмаштирилади, смартфонларнинг ёниб кетиш ҳолларига айнан улар сабабчи бўлган эди.
Жанубий Кореянинг Hankyung нашри маълум қилишича, смартфонларнинг қайтариб олиниши натижасида компанияга етган зарарни минималлаштириш ва электрониканинг катта партиясини табиатга зарар етказмаган ҳолда утилизация қилишга катта маблағ харжлашдан қочиш учун 2017 йил июнида Samsung таъмирланган Galaxy Note 7’ларни сотишни бошлайди.
Таъмирланган телефонларда янги батареялар пайдо бўлади, уларнинг сиғими 3000 дан 3200 мА/соатгача бўлади («ёнувчан» аккумуляторлар сиғими 3500 мА/соат эди). Корпуслар ҳам алмаштирилади, қолган бутловчи қисмлар ўз ҳолича қолади.
Қурилмалар май ойида таъмирлаш жараёнидан ўтади, шундан сўнг асосан Ҳиндистон, Вьетнам ва бошқа ривожланаётган минтақаларга юборилади. Samsung таъмирланган Galaxy Note 7’ларни Galaxy Note 8 чиқишидан олдин Жанубий Кореяда ҳам чиқариши мумкин.
Samsung жаҳон бозорига 3 миллионта нуқсонли Galaxy Note 7 смартфонларини етказиб берди, уларнинг катта қисми (98 фоизга яқини) компанияга қайтарилди. Тахминан 200 мингта қурилма ишлаб чиқарувчи томонидан ўз-ўзидан ёниб кетиш сабабларини ўрганиш учун фойдаланилди, 2,5 миллионта қурилма эса кутиш режимида қолди.
Изоҳ (0)