Стокгольмнинг Ринкебю округида оммавий тартибсизликда иштирок этган ёшлар тош отганлиги сабабли полиция огоҳлантирувчи ўт очди. Бу ҳақда Aftonbladet нашри маълум қилди, деб ёзади «Газета.ru».
20 февраль, душанба куни кечқурун Швеция пойтахтида оммавий тартибсизликлар бошланди. Тартибсизлик иштирокчилари етти ёки саккизта автомобилга ўт қўйиб, бир нечта дўконни ағдар-тўнтар қилди.
Стокгольм полицияси вакили Ева Нильссоннинг сўзларига қараганда, одамлар полицияга қарата тош ота бошлагандан сўнг, уларга қарата огоҳлантирувчи ўт очилган. Полициячилардан бири яраланган — тош унинг қўлига теккан.
Полициянинг таъкидлашича, тартибсизликда 30—40 га яқин киши қатнашган. «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)