«Китоб олами» маънавий-маърифий савдо мажмуасида Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд айёмларига бағишлаб «Назм ва наво» номли адабий-мусиқий кеча ўтказилди. Бу ҳақда «Дарё»га мажмуа ахборот хизмати маълум қилди.
Тадбирга филология фанлари докторлари, профессорлар Ҳамидулла Болтабоев ва Насимхон Раҳмонов ташриф буюриб, буюк мутафаккирлар ҳаёти ва ижоди ҳақида китобхонларга ҳикоя қилиб берди.
Тошкент Маданият коллежи ўқитувчиси, хушовоз хонанда Абдуқаҳҳор Жалилов, созандалар Шаҳобиддин Мирзаев, Нуриддин Қаюмов, Фарруҳ Воҳидов, «Халқ чолғулари» кафедраси жўрнавози Аъзамжон Ибрагимов ўзларининг дилбар куй ва қўшиқлари билан кечага файз бахш этди.
Мирзо Улуғбек туманидаги 222-мактаб ўқувчилари Навоий ижодидан тайёрлаган шеър айтишувлари ҳамда рақслар йиғилган томошабинларга манзур бўлди.
Кеча сўнгида китоб мутолаасига бўлган қизиқишни ошириш мақсадида ташкил этилган «Зукко китобхон» викторинаси ғолиби, Тошкент шаҳридаги 27-мактабнинг 5-синф ўқувчиси Хожиакбар Мираббосов ҳамда тадбирда фаол иштирок этган ўқувчиларга мажмуанинг эсдалик совғалари тақдим этилди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)