Miss chess Eurasia сўровномасида қозоғистонлик шахматчи Жансая Абдумаликдан камроқ овоз тўплаб, якунда 2-ўрин билан чекланган ўзбекистонлик шахмат устаси Сарвиноз Қурбонбоева «Дарё» нашрига интервью берди.
Аввалроқ Facebook’нинг ўзбекистонлик фойдаланувчилари сўровнома ҳалол курашлар остида ўтганига шубҳа билан қараган бўлса, мазкур постга изоҳ қолдирган бошқа бир фойдаланувчи chess.pw сайти эгасининг ёнини олиб, у киши гроссмейстерларнинг олдидан ўтганини қайд этганди.
«Улар менга Facebook мессенжери орқали ёзишганди. Танловга номзодингизни қўйсак қарши эмасмисиз, деб сўрашган. Мен эса розилигимни бергандим», — деб гап бошлади шахматчи.
«Ёзган одам қозоғистонлик. Исми Марат Мулку. Мен уларни танийман ва ҳурмат қиламан. Қозоғистондаги мусобақада иштирок этганимда юзма-юз кўришгандик. У одам ўз профилида шахмат янгиликларини ёзиб боради. Сайт ҳақида эса маълумотга эга эмасман, фейк бўлмаса керак, яна билмадим».
Сарвиноз Қурбонбоева қозоғистонлик ўша киши томонидан юритиладиган сайтга ташриф буюрувчиларнинг 53 фоизи фоизи Ўзбекистондан ва фақатгина 11 фоизи Қозоғистондан эканидан воқиф этилди. «Бу қизиқ бўлди-ку», — деб кулиб жавоб берди шахматчи қиз. Бироқ бундан ажабланмаганини қайд этди.
«Ажабландим. Уларда кўпроқ киши овоз берган бўлса керак, деб ўйладим».
Изоҳ (0)