Windows 10 нинг синов йиғмасида тизимда хатолик юз берган вақтда пайдо бўладиган «кўк рангли ўлим экрани» яшил бўлиб қолди, дея хабар бермоқда Meduza.
14997 сонли йиғма декабрь ойи охирида интернетда пайдо бўлган эди. Шундан сўнг Microsoft ходими Маттейс Хукстра янги версия таассуротлари билан ўртоқлашаётган одамлар «катта, жуда улкан ўзгариш»ни пайқамаётганини ёзди ва бу ўзгариш яшил ранг билан боғлиқ эканини айтиб ўтди.
Яшил экранни топгани ҳақида биринчи бўлиб Twitter фойдаланувчиси @Chris123NET маълум қилди.
Хукстранинг тушунтиришича, «яшил ўлим экрани»ни фақат Windows Insider дастурида қатнашаётган ва операцион тизимнинг дастлабки синов йиғмаларини тест қила оладиган фойдаланувчилар кўриши мумкин. Баён қилишларича, бу қўллаб-қувватлаш хизматига тизимдаги носозлик айнан қайси версиядаги йиғмада юз берганини тез англаб олиш имконини беради.
«Кўк ўлим экрани» (Blue Screen of Death, BSoD) илк бор Windows 3.1 да пайдо бўлган. У тизимда ишни давом эттириб бўлмайдиган хатолик юз берганидан сўнг чиқиб келади. Windows 8 тизимида кўк экрандаги ёзувлар ёнига хафа смайл ҳам қўшилган, Windows 10 нинг версияларидан бирида эса у ерга қўллаб-қувватлаш хизмати билан боғланиш имконини берувчи QR-код ҳам жойлаштирилган.
«Кўк ўлим экрани»дан ташқари қизили ҳам бўлган — у Windows 98 нинг юкланиш вақтида ва Windows Vista’нинг бета-версиясида чиқар эди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)