Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзебкистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан «Шоир ва замон» мавзусида адабий-бадиий кеча ўтказилди. Бу ҳақда университет вакиллари «Дарё»га маълум қилди.
Тадбирда филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Каримов Эркин Воҳидовнинг адабий-эстетик қарашлари, филология фанлари доктори, профессор Хуршид Дўстмуҳаммад шоирнинг маърифати ва фазилатлари ҳақида, филология фанлари доктори, доцент Сайди Умиров эса Эркин Воҳидов ижодининг ёшлар тарбиясига таъсири ҳақида чиқишлар қилган.
Адабий-бадиий кеча давомида талабалар иштирокида Эркин Воҳидов ижодидан шеърий чиқишлар ва саҳна кўринишлари намойиш этилди, шоир ғазалларининг чет тилларидаги таржималаридан намуналар тингланди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 7 декабрь куни Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги қарорни имзолаган эди. Унда шоирнинг таваллудини мамлакат миқёсида кенг нишонлаш ва хотирасини абадийлаштириш ҳақида кўрсатма берилган эди.
Ҳозирда Ўзбекистоннинг қарийб барча таълим муассасалари ва бошқа жойларда Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Хусусан, аввалроқ Ёзувчилар уюшмасида ташкил этилган хотира тадбири ҳақида ахборот берилган эди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов 2016 йил 30 май куни узоқ хасталикдан сўнг вафот этган эди. У 1936 йил 28 декабрь куни Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида туғилган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)