Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган тадбир ўтказилди. Унда шоир ва ёзувчилар, адабиёт ихлосмандлари иштирок этди, деб хабар беради ЎзА.
Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов ва бошқалар Президентнинг Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида шу йил 7 декабрдаги қарори мамлакатда адабиётга, маънавиятга бўлган юксак эътиборнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлганини таъкидлади. Ушбу қарор ижроси доирасида мамлакат миқёсида улуғ шоир таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш ва унинг хотирасини абадийлаштириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Ёзувчилар уюшмаси Эркин Воҳидовнинг ўзбек тилида «Сайланма» асарларини, инглиз ва қорақалпоқ тилларига таржима қилинган шеърий тўпламларини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш, шоир ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратиш, асарлари асосидаги спектаклларни қайта намойиш этиш, у яшаган уйда ёдгорлик лавҳаси ўрнатиш, мамлакатдаги олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар, умумий ўрта таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли адиб ва олимлар, санъаткорлар иштирокида учрашувлар, илмий конференциялар, адабий кечалар ташкил этишда ҳамкор ташкилотларга яқин кўмакдош бўлмоқда.
Тадбирда «Онажоним — шеърият» тўгараги аъзолари Эркин Воҳидов шеърларидан намуналар ўқиди.
Изоҳ (0)