13 декабрь куни Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг саккизинчи пленар йиғилиши бўлиб ўтди. Унинг давомида сенаторлар Ўзбекистоннинг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Республика Конституциясининг 24 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимда сўзлаган маърузасида кўрсатилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда Сенатнинг халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, чет эл инвестициялари ва туризм йўналишларидаги фаолиятини ривожлантириш ва жадаллаштириш масалаларини кўриб чиқди, деб хабар беради UzReport.
Ташқи иқтисодий алоқаларни амалга ошириш, жаҳон миқёсида миллий манфаатларни ҳимоя қилиш, халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, мамлакат минтақаларига чет эл инвестициялари ва замонавий технологияларни жалб қилиш, туризмни ривожлантириш, мамлакатнинг халқаро имижини мустаҳкамлаш, шунингдек, ушбу соҳалардаги парламент назоратини кучайтириш мақсадида сенаторлар Сенат раисининг биринчи ўринбосари лавозимини жорий этиш ҳақида қарор қабул қилди.
Сенат аъзолари Содиқ Сафоевни Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари этиб сайлаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиб, уни ушбу лавозимда тасдиқлаш тўғрисида тегишли қарор қабул қилди.
Эслатиб ўтамиз, сенаторлар Шавкат Мирзиёевни Бош вазир лавозимидан озод этиш тўғрисида ҳам қарор қабул қилди.
Изоҳ (0)