Наманган вилоятининг шу номли тумани марказида ёш оилалар учун қурилган «Камолот» уйи фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Тошбулоқ шаҳарчасида қад ростлаган тўрт қаватли 32 хонадондан иборат турар жой биноси қурилишига 3,243 миллиард сўм маблағ сарфланди. Замонавий меъморчилик ютуқлари асосида барпо этилган уйда барча шароит яратилган.
Меҳнат фахрийлари иштирокида «Камолот» уйининг рамзий лентаси қирқилди ва жамият ҳаётида фаол иштироки билан юрт равнақига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ ёш оилаларга хонадонлар калити топширилди.
«Ёшлигимдан спорт билан мунтазам шуғулланаман, — деди янги уй соҳибларидан бири, белбоғли кураш бўйича икки карра Ўзбекистон чемпиони Асқар Деҳқонов. — Юртимизда ёшларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик туфайли юксак ютуқ ва марраларга эришиб келмоқдаман. Бугун имтиёзли равишда замонавий турар жой билан таъминланишим ғайратимни янада оширади. Уч хонали уйда турмуш ўртоғим ва икки фарзандим билан бахтли ҳаёт кечиришимиз учун барча шароит мавжуд».
Кейинги йилларда вилоятда фаол ёшларни рағбатлантириш мақсадида олтита «Камолот» уйи қуриб битказилди. Айни пайтда бу уйларда икки юзга яқин ёш оила фаровон ҳаёт кечирмоқда.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Х. Бозоров сўзга чиқди.
Изоҳ (0)