Қозоғистонда келгуси йилнинг 6 ойи давомида амнистия амалга оширилади. Бу ҳақда мамлакат парламенти қуйи палатаси — Мажлис йиғилишида Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ ислоҳоти қўмитаси раиси Нурлан Абдиров маълум қилди, дея хабар беради «ТАСС».
«Қозоғистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги қонун лойиҳаси президент Нурсултон Назарбоев ташаббуси билан тайёрланган ва 29 ноябрь, сешанба куни парламентга киритилганди. Унда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар, вояга етмаганлар, ҳомиладор ва қарамоғида вояга етмаган болалари бор аёллар, кексалар, ногиронлар, шунингдек, оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахсларнинг жиноий жавобгарликдан озод этилиши кўзда тутилган.
«Қонун лойиҳасига кўра, унинг ижроси жорий этилганидан бошлаб 6 ой мобайнида амалга оширилади. Қонун жорий йил 16 декабрдан кучга киради», — дея таъкидлади Абдиров.
Маълумот учун, Қозоғистонда охирги бор амнистия 2011 йилда, мамлакат мустақиллигининг 20 йиллиги муносабати билан ўтказилганди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)