Жоржия технологиялар университети (АҚШ) мутахассислари мушук тилининг тузилишини патентлаб қўйишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
The Washington Post нашрининг билдиришича, Алексис Ноэл бошчилигидаги олимлар гуруҳи катта ҳажмли принтер ёрдамида мушук тилининг тўрт баробар катталаштирилган моделини тайёрлаб, уни АҚШ физика жамиятининг Портленддаги (Орегон штати) бўлинмаси йиғилишида намойиш қилди.
Олимларнинг фикрича, мушук тили кератинли илмоқлар билан қопланган бўлиб, юнгни тараш ва чигални ёзиш учун жуда яхши мослашган. Мушук баданини ялаганида унинг тили бир пайтда тўрт йўналишда ҳаракатланади. Мушукнинг тилини ўзига хос тароқ деса ҳам бўлади.
Ноэл ва унинг ҳамкасблари худди шу шаклдаги механик қурилма турли соҳаларда асқатиши мумкин деб ҳисобламоқда. Улар, гўзаллик салонлари ва сартарошхоналардан ташқари, тиббий муолажа хоналарини назарда тутмоқда.
Бундан ташқари, ушбу механизм тор жойларда ҳаракатлана оладиган роботлар конструкциясида қўлланилиши мумкин. Бундай роботлар, ўз навбатида, жарроҳлик амалиётларида ва қутқарув операцияларида иштирок этиши мумкин.
Изоҳ (0)