Сан-Марино Республикаси спорт ва туризм давлат котиби Теодоро Лонфернини Германия терма жамоаси ҳужумчиси Томас Мюллернинг сўзлари учун мамлакат футбол иттифоқи узр сўрашини кутмоқда. Бу ҳақда, RTV телеканалига таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
11 ноябрь куни Германия терма жамоаси ЖЧ–2018 турнирига саралаш босқичи доирасида сафарда Сан-Марино билан куч синашиб, 8:0 ҳисобида зафар қучди.
Ўйиндан кейин Томас Мюллер Сан-Марино термасига ўхшаш ҳаваскор жамоалар билан ўйнашдан маъно йўқ эканини ва бундай ўйинлар жароҳатга олиб келиши мумкинлигини айтганди. «Бавария» президенти Карл-Хайнс Румменигге клуб ҳужумчисининг сўзларини қўллаб-қувватлади.
Лонфернини футбол бўйича Германия терма жамоаси жаҳон чемпиони бўлса-да, бутун дунёга хўжайин эмаслигини таъкидлади.
«Сан-Марино бутун дунёда меҳмондўстлиги билан шуҳрат қозонган. Биз бунга асосий эътиборни қаратамиз. Германияликлар бизга нисбатан номақбул сўзларни ишлатди. Германия футбол федерациясидан узр сўрашларини кутаман», – деди Теодоро Лонфернини.
Қайд этиш жоиз, Томас Мюллер Сан-Марино термасига киритилган 8 та голдан ҳеч бирига муаллифлик қилмаган эди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)