АҚШ мудофаа вазири Эштон Картер курд кўнгиллиларининг Мосулни озод этишдаги иштирокини ўрганиш учун Ироқнинг Ирбил шаҳрига келди. Бу ҳақда «РБК» хабар бермоқда.
Картер курдлар етакчиси Масъуд Барзоний, шунингдек, жанговар ҳаракатлар бориши билан таниш АҚШ ҳарбийлари билан учрашди. Барзоний учрашув чоғида курд отрядлари Мосулдан 24 километр шимоли-шарқда жойлаган Башик шаҳри қўлга олинганини маълум қилди.
Мулоқот давомида Мосулни озод этиш бўйича операция бошланганидан бери курдлар 25 кишини йўқотгани билдирилди. Картер бунга жавобан «Улар жон-жаҳди билан курашмоқда, бироқ шиддатли жанглар кетаётгани сабабли йўқотишлар ҳам бўлмоқда» дея таъкидлади.
Картер ИШИД жангариларини Раккада таслим этиш бўйича операция «имкон борича тезроқ» бошланишини кўриш ниятида эканлигини қайд этиб ўтди. Пентагон раҳбарига кўра, Раккадаги операция чоғида АҚШ суриялик исёнчилар ҳаракатини мувофиқлаштириб боради.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)