2009 йилда Twitter’га тақлидан асос солинган Хитойнинг Sina Weibo микроблоглар сервиси бозор капитализацияси бўйича ундан ўзиб кетди. NASDAQ биржасида 17 октябрь, душанба кунги савдолар чоғида Weibo капиталлашуви 11,32 миллиард долларга етди. Twitter’да бу кўрсаткич айни пайтда 11,22 миллиард долларни ташкил этади. Бу ҳақда «Ведомости» хабар бермоқда.
Хитой ижтимоий тармоғи Twitter’га нисбатан ўз аудиториясини фаол кенгайтирмоқда. Жорий йил иккинчи чораги якунлари бўйича Twitter’да 313 миллион атрофида фойдаланувчи қайд этилган ва йиллик ўсиш 3 фоизни ташкил этган. Weibo’дан эса иккинчи чоракда 282 миллион киши фойдаланган, йиллик ўсиш 33 фоиздан иборат бўлди.
18 октябрь, сешанба кунги савдолар якуни бўйича Weibo бир акцияси қиймати 52,91 долларга тенг бўлди ва компаниянинг бозор қиймати 11,41 миллиард долларга етди. JPMorgan тахминига кўра, келгуси йил ўрталарида ушбу кўрсаткич 70 долларга етиши мумкин.
Маълумот учун, Хитойнинг интернет-савдога ихтисослашган Alibaba компанияси Sina Weibo’нинг асосий акциядорларидан бири ҳисобланади.
Изоҳ (0)