Валиаҳд шаҳзода Маха Вачиралонгкорн Таиланднинг муваққат раҳбари Прем Тинсуланон билан учрашуви чоғида тахтни эгаллаш ниятини тасдиқлади. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Прают Чан-Оча миллатга телемурожаати чоғида маълум қилди, дея хабар беради «ТАСС».
«Валиаҳд ва муваққат раҳбарнинг учрашуви 15 октябрь, шанба куни бўлиб ўтди. Шаҳзода фуқароларда давлат ишлари, жумладан, тахт ворислиги масаласида хавотир олишларига сабаб йўқлигини билдирди. Валиаҳднинг тож кийиши дафн маросимлари якунланганидан сўнг бўлиб ўтади», — таъкидлади бош вазир.
Қирол Пхумипон Адульядетнинг вафотидан сўнг унинг ўғли Маха Вачиралонгкорн тахтга чиқиш борасида шошилтирмаслик ва «миллат қайғусини бўлишишига имкон бериш»ни сўраганди. Шундан сўнг 96 ёшли собиқ бош вазир, Таиланд қироли ҳузуридаги Махфий кенгаш раҳбари Прем Тинсуланон мамлакатнинг вақтинчалик раҳбарига айланди.
Изоҳ (0)