Сэм Эллардайс истеъфога чиқарилган куни Англия термаси футболчиларига табрикномалар йўллагани маълум бўлди
Футбол бўйича Англия терма жамоаси футболчилари коррупцияга алоқадор деб топилган ҳамда терма бош мураббийи лавозимидан озод этилган Сэм Эллардайсдан, у истеъфосига чиққанидан икки кун ўтиб, «Биргаликдаги саёҳатимиз бошланди!» сўзлари битилган табрик мактубларини олди. Бу ҳақда, Mirror газетасига таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Эллардайс футболчиларга мактубларни 27 сентябрь куни, у бош мураббийликдан озод этилган куни юборган. Бироқ унинг табрикномалари футболчиларга икки кундан сўнг етиб борган.
«Яхши ишладингиз! Бизнинг саёҳат ғалаба билан бошланди. Сабрсизлик билан учрашувимизни кутяпман. Сэм Эллардайс», — дейилади мактубда.
Сэм Эллардайс Англия терма жамоаси бош мураббийи сифатида 67 кун ишлади. Унинг қўли остида жамоа битта ўйин ўтказди.
4 сентябрь куни Словакия термасига қарши ЖЧ—2018 саралаш учрашувида инглизлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди.
Эллардайснинг истеъфосидан сўнг Англия терма жамоасини Гарет Саутгейт вақтинча бошқариб турадиган бўлди.
