Тошкентдаги Халқаро савдо марказида 21 сентябрь куни ахборот хавфсизлиги соҳасидаги биринчи очиқ беллашув — Cyber Security Challenge Uzbekistan танлови ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ёшлар ташаббуслари маркази матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
17 сентябрдан 21 сентябрга қадар ICTWEEK Uzbekistan — 2016 ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида Cyber Security Challenge Uzbekistan танловининг финал босқичи — CTF-турнир (Capture the Flag) бўлиб ўтди.
Финалда топшириқларни ечишда максимал балл тўплаган энг яхши жамоа қатнашчилари учлиги танловнинг 30 миллион сўмлик мукофот жамғармасини ўзаро бўлишиб олди.
Олтин мукофот соҳиби — Wind жамоаси 15 миллион сўм, кумуш мукофот соҳиби — Elio жамоаси 10 миллион сўм ва бронза мукофот соҳиби — Mr.Robot жамоаси 5 миллион сўмни қўлга киритди.
Танловнинг қолган қатнашчилари ҳам ташкилотчиларнинг рағбатлантирувчи мукофот ва дипломларига эга бўлди.
Изоҳ (0)