Швейцарияда бўлиб ўтган референдумда фуқаролар қарилик пенсиясининг 10 фоизга оширилишига қарши овоз берди. Бу ҳақда «РБК» хабар қилмоқда.
Касаба уюшмалари ва сўл партиялар базавий давлат пенсия суғуртаси бўйича тўловларнинг 10 фоизга оширилиши қонунда белгиланиши учун кураш олиб бораётган эди. Бунда ёлғиз нафақахўрлар давлатдан йилига 1400–2800 франк, жуфтликлар эса 4200 франкка кўпроқ пул олиши лозим эди. Ташаббус «AHVplus — салмоқли пенсион таъминот учун» шиори остида илгари сурилаётган эди.
Аммо ҳукумат бу таклифни ортиқ даражада серхаражат деб ҳисоблаб, фуқароларни қарши овоз беришга чақирган эди. Ҳисоб-китобларга қараганда, агар ислоҳот амалга ошса, 2018 йилда пенсияга қўшимча равишда 4 миллиард франк, 2030 йилга келиб эса 5,5 миллиард франк сарфлашга тўғри келади. Бу харажатларни қоплаш учун ишчилар ва иш берувчилардан ундириладиган тўловларни 0,4 фоизга оширишга тўғри келар эди.
Таклифни француз тилли Юра, Во, Женева, Невшатель ҳамда итальян тилли Тичино кантонлари (жами бешта) аҳолиси қўллаб-қувватлади. Немис тилли ҳамда аралаш тилли кантонлар (жами 18 та) аҳолисининг асосий қисми ташаббусни ёқламади.
Охирги маълумотларга қараганда, сайловчиларнинг 59,4 фоизи пенсион ислоҳотга қарши овоз берди.
Шу референдумнинг ўзида бошқа масалалар ҳам овозга қўйилди. Жумладан, илгарироқ хабар қилинганидек, сайловчиларнинг 65 фоизи махсус хизматларнинг ваколатларини кенгайтирувчи қонун лойиҳасини маъқуллади.
Бундан ташқари, референдумда «яшил иқтисодиёт»га ўтиш билан боғлиқ қонунчилик ташаббуси муҳокама қилинди. У Швейцария қонунчилигига кенг миқёсли ўзгаришлар киритиб, мамлакат тараққиётини «яшил» ривожланиш йўлидан олиб боришни назарда тутар эди. Аммо швейцарияликлар, бу уларнинг одатланган турмуш тарзини ўзгартириб юборишидан чўчиб, ташаббусга қарши овоз берди.
Изоҳ (0)