Россиялик футбол мутахассиси Станислав Черчесов мамлакат терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди. Бу ҳақда «Чемпионат» хабар бермоқда.
52 ёшли мураббийнинг сўнгги иш жойи Польшанинг «Легия» клуби бўлганди. Унинг қўли остида жамоа 2015/16 йилги мавсумда Польша чемпиони бўлди ва мамлакат Кубогини қўлга киритди.
Станислав Черчесов фаолияти давомида Австриянинг «Куфштайн» (2004) ва «Ваккер-Тироль» (2004–2006) клубларини, Россиянинг «Спартак» Москва (2007–2008), «Жемчужина-Сочи» (2010–2011), «Терек» (2011–2013), «Амкар» (2013–2014) ҳамда «Динамо» Москва (2014–2015) жамоаларини бошқарган. 2007 йилда «Спартак» Черчесов билан Россия чемпионатида иккинчи ўринни қўлга киритганди.
Эслатиб ўтамиз, Россия терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Леонид Слуцкий Евро–2016 турниридаги муваффақиятсизликдан сўнг истеъфога чиққанди.
Изоҳ (0)