Россия ва Туркия президентлари Владимир Путин ва Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг делегациялар иштирокидаги кенгайтирилган учрашувида Россиянинг Туркия ҳарбийлари томонидан уриб туширилган Су-24 самолёти учун бадал пулининг тўланиши масаласи муҳокама қилинмади. Бу ҳақда, Россия иқтисодий ривожланиш вазири Алексей Улюкаевга асосланиб, «Интерфакс» хабар бермоқда.
Илгарироқ хабар қилинганидек, давлат раҳбарларининг юзма-юз учрашуви икки соат давом этди. Шундан сўнг уларга делегациялар аъзолари қўшилди. Россия делегацияси таркибида бўлган Улюкаев учрашув якунларига кўра ўтказилган матбуот анжуманида мазкур масала кўтарилмаганини таъкидлаб ўтди.
«Мен кенгайтирилган таркибда иштирок этган йиғилишда бу масала кўтарилмади», — деди у.
Илгарироқ Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаков учрашувда мазкур масала муҳокама қилинишини айтган эди.
Изоҳ (0)