Тошкент вилоятидаги Чорвоқ сув омбори пляжлари бир муддат ёпиқ турганидан сўнг яна ишга тушди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.
Кўп йиллар давомида бундай зоналарга қўйиладиган элементар талабларга номувофиқлиги боис танқид остига олинган пляжлар ниҳоят дам олиш ва чўмилиш учун хавфсиз жойга айланди.
Энг кўп аҳоли ташриф буюрадиган пляжлардан бири — «Юсуфхона»да соҳилбўйи ҳудуди чиқиндилардан тозаланди, сувда тўсиқлар пайдо бўлди, катамаранлар ва катерлар тураргоҳи алоҳида жойлаштирилди.
Автомобилларга пляж ҳудудига кириш тақиқланди — автотураргоҳдан пляжгача пиёда бориш лозим бўлади.
Қирғоқ бўйлаб соябонлар ўрнатилди, уларни шезлонглар билан бирга ижарага олиш мумкин. Ёпиқ топчанлар ўрнига кўрпача ва курсиларга эга чодирлар ўрнатилди.
«Чорвоқ оромгоҳи» дам олиш ҳудуди пляжида ҳам чўмилувчилар ҳамда қайиқ-катамаранлар ҳудудлари ажратиб қўйилди.
Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, барча талабларга жавоб берадиган пляжлар Чорвоқда илгари ҳам бор эди (масалан, «Шаршара»), лекин аксарияти бундай эмас эди.
Май ойининг охирида Вазирлар Маҳкамаси пляжларни жиҳозлаш ва улардан фойдаланиш талабларини тасдиқлаган эди.
Изоҳ (0)