Туркия ҳукумати ҳарбий тўнтаришга уриниш чоғида ҳалок бўлган ва жабрланганларнинг оилаларига моддий ёрдам кўрсатиш мақсадида ажратиладиган товон пуллари миқдорини белгилади. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Айтилишича, ҳалок бўлганлар ва жароҳат олганларнинг оилаларига ойига 3203 лира (минг доллар атрофида) миқдорида минимал маош тайинланади. Шунингдек, ҳалок бўлганларнинг оилаларига 88,6 минг лира (29,4 минг доллар) миқдорида бир марталик товон пули берилади.
Бундан ташқари, уларнинг қариндошлари ҳарбий ҳаракатлар фахрийлари қариндошларига тенглаштирилиб, уларга тегишли нафақа пули тўлаб борилади.
Ногиронга айланиб қолган шахслар 177,2 минг лира (58,8 минг доллар) миқдорида бир марталик нафақа олади.Ҳалок бўлганларнинг қариндошлари ва ногирон бўлиб қолганлар давлат секторида ишлаши мумкин бўлади.