Австралиянинг Шимолий ҳудудидаги қамоқхоналарда ўсмирларга нисбатан қийноқлар қўлланаётганига исбот-далиллар пайдо бўлди. Бу ҳақда, ABC News телеканалига асосланиб, «Корреспондент.net» хабар бермоқда.
Телеканал қамоқхона ходимларининг болаларни хўрлаши акс этган, 2010–2015 йилларга оид съёмкалардан тузилган видеофильмни намойиш этди.
Мамлакат бош вазири Малкольм Тернбулл видеода қайд қилинган фактлар юзасидан суриштирив ишлари олиб борилишига ваъда берди. У, шунингдек, мазкур видеолавҳалар илгарироқ оммалаштирилмаганидан норозилик билдирди.
Independent нашрининг билдиришича, ҳуқуқ ҳимоячилари мамлакатнинг оғир тартибли жазо муассасаларида болалар қийноққа солиниши ҳақида бир неча маротаба ёзган эди. Жумладан, ўсмирлар ечинтирилиб, калтакланиши, уларнинг камералари кўздан ёш оқизувчи газга тўлдирилиши уқтирилган эди.
Барча жабрланган болалар туб аҳоли вакиллари эканлиги айтилмоқда. Шимолий ҳудудда жиноятчилик даражаси жуда юқори ҳисобланади, маҳбусларнинг учдан икки қисмини эса аборигенлар ташкил этади.
Жорий йилнинг февраль ойида Австралия ҳукумати аборигенлар ва кечки аҳоли ўртасидаги ижтимоий нотенгликни йўқ қилиш қийин кечаётганини тан олган эди.
Изоҳ (0)